Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2018 17:57 Чоп этиш версияси

Мурожаатнома Андижонда ўрганилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар Андижон вилоятида ҳам ўтказилмоқда.

Андижон давлат университетида ташкил этилган шундай тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши вакиллари, профессор-ўқитувчилар, фаол ёшлардан иборат тарғибот гуруҳлари раҳбарлари ва аъзолари иштирок этди.

– Тарғибот тадбирларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқадиган асосий вазифалар ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунча бериш, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Андижон вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Абдуллаев. – Тадбирларга вилоятдаги 876 маҳалла фуқаролар йиғинлари тўла қамраб олинади.

Тарғибот тадбирлари доирасида Андижон шаҳрининг “Ўзбегим” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган давра суҳбатида Охунбобоев номидаги, “Ўрикзор”, “Иқбол”, “Маданият, “Майдонбозор”, “Бунёдкор”, “Ёйилма” сингари 10 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, уларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, фаоллари қатнашди.

– Жамиятда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, айниқса, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалланинг ўрни ва роли ниҳоятда катта, – дейди “Ўзбегим” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Инобатхон Маткаримова. – Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида ҳам ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги тадбирда Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг фаоллигини ошириш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан зарур билим ва тушунчалар олдик. Бу аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Тарғибот тадбирлари 10 январга қадар давом этади.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
9 936