ЎзА Ўзбек

01.08.2018 12:51 Чоп этиш версияси

Тарбияда йўл қўйилаётган хатонинг бошланиши қаерда?

Тарбияда йўл қўйилаётган хатонинг бошланиши қаерда?

ЖИНОЯТ ҲАҚИҚАТИ ВА АДОЛАТ 

Ҳаётда инсон баъзан ўзини йўқотиб қўядиган ғоят мураккаб муаммоларга дуч келади. Кескин вазиятдан чиқишнинг иложи йўқдек туюлади. Қийин пайтда, ишда ва ҳаётда, жамиятда оғир савдоларга дуч келганда ким ўзини, ўз йўлини йўқотмаслиги мумкин? Ўз кучига ишонган, руҳий дунёси, маънавий олами бой бўлган одамгина бундай вазиятдан ёруғ юз билан чиқа олади.

Бу руҳий қувват тўғри таълим-тарбия асосида шаклланади.

Айни вақтда юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг маънавий оламига эътибор қаратилиб, келажакда яхши мутахассис бўлиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Бухоро вилояти Ғиждувон тумани кенгаши, туман маънавият тарғибот маркази ва ички ишлар бўлими ҳамкорлигида кечки кузатув-рейдлари давомида вояга етмаган ёшларнинг тунда кўчада, кўнгилочар жойларда юриши юзасидан 6 та компьютер ўйинхоналари ва 4 та тунги клубда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар натижасида коллеж ва мактаб ўқувчиларининг компьютерхоналарда шафқатсиз руҳдаги ўйинлар билан машғул эканлиги аниқланди. Улардан бири Шариф Назиров (исм-шарифи ўзгартирилган)дир. Унинг оиласи, ўқиши, юриш-туриши тўлиқ ўрганилгач, оилавий муаммолари борлиги маълум бўлди.

Номукаммал оила муҳити унинг ўз йўлидан адашиб, фойдали меҳнатга бўй бермай яшашига сабаб бўлаётган эди. Ота-онаси ажрашгач, отани фарзанди борлиги қизиқтирмаган, она эса гўдак фарзандини ташлаб Россияга ишлаш учун кетганича, салкам ўн беш йилдан буён дараги бўлмаган. Бола кекса бувисининг қўлида қолган. Ҳаётда ўз ўрнини топиш, дўстлари каби тўлақонли ҳаёти бўлишини истайдиган бу ўсмирни тушунадиган, унга тўғри йўл кўрсатадиган, қўллаб-қувватлайдигани йўқ.

– Уйга боришни хоҳламайман, – дейди у. – Ҳеч ким мен билан қизиқмайди, аҳволимни сўрамайди. Уйда мени ҳеч ким кутмайди. Бу ерда ўйин ўйнаб вақт ўтказаман. Шу ўзимга ёқади.

Бу ўсмирга мутасадди ташкилотларнинг кўмаги берилди. Унга тўғри йўл кўрсатилди. Бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун касб-ҳунар тўгаракларига бориши таъминланди. Аммо юртимизда Шариф каби ўз йўлини тополмаётган ўғил-қизлар, оиланинг қадрига етмаётган, фарзандларига эътибор бермаётган ота-оналарнинг тақдири нима бўлади?

Мана, муаммонинг, тарбияда йўл қўйилаётган хатонинг бошланиши қаерда. Фарзанд кўриб, унинг тақдирини ўйламайдиган, тақдир ҳукмига ташлаб қўйиб, фақат яшаш дарди билан ёнадиган ота-оналарнинг хатоси бу. Натижа эса болаларимизнинг феъл-атворида салбий оғиш юзага келади. Келажаги ҳам мавҳум.

Оғувчи хулқ – кишининг фаолияти, қилмишларининг тури одатий, умумэътироф этилган меъёрлардан фарқ қиладиган, жамият томонидан қабул қилинган меъёрларга мос келмай, барқарор равишда уларнинг ижтимоий меъёрларидан оғишида намоён бўладиган ахлоқдир.

Хулқий меъёрдан оғувчи, деб ахлоқий жиҳатдан қариндош-уруғлари, яқинларининг кўнглини оғритадиган, атрофдагиларга хавф туғдирадиган шахсларга айтилади.

Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида билимни улуғлаб, инсонни билим билан камолга етиштириш, тарбия ва билим орқали унинг хулқини тарбиялаш, унда ижобий фазилатларни шакллантириш мумкинлигини айтади. Унинг билдиришича, яхши хулқ ҳам, ёмон хулқ ҳам туғма ва ижтимоий муҳит натижасида шаклланишини таъкидлайди.

Социолог ва психологларнинг фикрича, девиант хулқли, оғир тарбияли, муаммоли ўсмир-ёшлар билан мактабнинг педагог жамоаси, маҳалла фаоллари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, болалар психологлари иш олиб бориши лозим. Бундай тарбиявий ишлар ўз самарасини беради, ахлоқий оғишга мойил ўғил-қизларнинг келгуси хатти-ҳаракатларини назорат қилиш имконияти туғилади.

Ўсмирлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳуқуқ ва ахлоқ меъёрларининг бузилиш ҳолатлари ўрганилганда, шу нарса маълум бўлдики, 13-17 ёш оралиғидаги ёшлар хулқида ўзгаришлар, жумладан, катталарнинг эътиборсизлиги, ота-она ва ўқитувчилар билан ўзаро келишмаслик, муқаддам судланган шахсларнинг салбий таъсирига тушиш, спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик балоси кабилар билан боғлиқ бўлиб чиқмокда.

– Оиладаги носоғлом муҳит болада қўполлик, одамовилик, ёлғончилик каби салбий хусусиятларни уйғотади, бундай бола ўз характери билан барчага ва барига “тескари” иш қилмоқчи, бўйсунмаслик, агрессия каби туйғуларни кескин кўрсатмоқчи бўлади, – дейди психология фанлари доктори Дилбар Муҳаммедова. – Бу билан у ҳуқуқбузарлик, жиноятларга замин яратади. Суицид ҳолатлари ҳам келиб чиқиши эҳтимоли мавжуд. Психологик нуқтаи назардан бундай агрессив хулқни тузатишда ўғил-қизларда ўз-ўзини ҳурмат қилиш, ўз “мен”ини шакллантириш, атрофдаги одамлар, ўз тенгдошлари билан тўғри ва самимий мулоқотни ўрнатиш кабиларга эътибор қаратилади. Бундай тузатиш ишлари изчил олиб борилиши давомида секин-аста нафақат иллатларни тузатиш, балки бутунлай йўқотиб, шахсни қайта тарбиялаш ҳам мумкин.

Моҳир психолог, педагог ўз маҳорати билан иллатли хулқ-атвор эгаси бўлмиш ўсмирларни тарбиялай олади. Аммо бу жараёнда ота-она, оиланинг аҳамияти юксак. Аввало, болада айни иллатларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик муҳим. Халқимиз “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал”, дейди.

Б.Мелиқулова, ЎзА
8 974