Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 19:48 Чоп этиш версияси

Тарғибот тадбирларида ёшлар кўпроқ қатнашмоқда

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Зиё” тантаналар масканида отахону онахонлар, маҳаллалар фаоллари, ёшлар жам бўлган. Бир пиёла чой устида кечаётган самимий ва қизғин суҳбатга устоз санъаткор Рихси Иброҳимова, шоир Шермурод Субҳоннинг Ватанимиз ободлиги ва фаровонлиги, оилаларимиз тотувлиги, фарзандларимиз камоли истиқлол берган неъматлар асосида бунёд бўлаётгани ҳақидаги таъсирли сўзлари чуқур маъно бермоқда...

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами олдидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган шу каби тарғибот тадбирларига Республика Маънавият ва маърифат маркази бош-қош бўлмоқда.

Мулоқотлар, давра суҳбатлари, учрашувларда истиқлол йилларида изчил олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, демократик ўзгаришларга аҳоли, айниқса, ёшларнинг дахлдорлик туйғусини ошириш, осуда ҳаётимизнинг қадр-қимматини аҳолига таъсирчан воситалар ёрдамида тушунтириш мақсадида марказ томонидан тарғибот гуруҳлари шакллантирилди. Уларда олий таълим муассасаларининг тажрибали ўқитувчилари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, рассомлар, театр ва кино актёрлари, режиссёрлар, эстрада хонандалари жамланган. Тадбирларда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” мавзуида тайёрланган тарғибот материаллари, услубий қўлланмалар, маъруза матнлари, тезис ва слайдлардан фойдаланилмоқда.

– Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида марказимиз томонидан шу кунгача маҳалла гузарлари, истироҳат боғлари, дала шийпонлари, меҳнат жамоалари, ёзги оромгоҳлар ва Меҳрибонлик уйларида ташкил қилинган маънавий-маърифий тадбирларда қарийб 30 мингга яқин аҳоли қатнашди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Ш.Хонимов. – Эътиборлиси, иштирокчиларнинг 60 фоизини ёшлар ташкил қилди. Бу натижага эришиш учун тарғибот тадбирларини олис ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар ўртасида кўпроқ ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 167






Все о погоде - Pogoda.uz