Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2017 12:45 Чоп этиш версияси

Тарғибот тадбирлари юксак савияда ўтмоқда

Тарғибот тадбирлари юксак савияда ўтмоқда Андижонда Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами олдидан "Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!" шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мудофаа вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, вилоят, туман, шаҳарлар ҳокимликлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда таниқли олимлар, шоир-ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандаларидан иборат тарғибот гуруҳлари таълим муассасалари, маданият ва дам олиш масканлари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, ҳарбий қисмларда учрашувлар ўтказди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари самаралари, халқимиз ҳаётида, онгу тафаккурида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, ёшларимиз эришаётган улкан ютуқ ва марралар ҳаётий мисоллар орқали содда тилда тушунтирилди.

Айниқса, Жалақудуқ тумани Ойим шаҳарчасидаги 20- ва Қўрғонтепа туманидаги 23-болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Андижон индустриал-педагогика коллежи, Асака автомобиль саноати касб-ҳунар коллежи, Андижон туманидаги “Равон тараққиёт орзуси” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтган тадбирлар иштирокчиларга улкан ғурур ва қувонч бағишлади.

– Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга кўз тегмасин, – дейди Қўрғонтепа туманида яшовчи меҳнат фахрийси Давлатхон ая Икромиддинова. – Озод ва обод юртимизда тўй-тўйга, байрам-байрамга уланаверсин. Фарзандларимиз бахту камолидан кўнглимиз тўқ, кўксимиз осмон. Мана шундай Ватанда яшаётганимизнинг ўзи улкан бахт. Буни ёшларга тушунтириш, бошимиздан ўтган машаққатлар ҳақида сўзлаб, уларни шукроналик ва доим дахлдорлик туйғуси билан яшашга, тинчликнинг, бебаҳо ёшликнинг қадрига етишга ундаш биз, кексаларнинг бурчимиздир.

Тарғибот тадбирлари Андижон шаҳридаги “Соғлом авлод” стадионида ўтказилган гала-концерт билан якунланди. Қитъа ва жаҳон чемпионатларида, йирик халқаро турнирларда улкан ютуқларни қўлга киритган андижонлик спортчилар ва ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 219






Все о погоде - Pogoda.uz