ЎзА Ўзбек

12.04.2019 Чоп этиш версияси

Танзила Норбоева: Оилада аёлни камситишга оддий ҳол сифатида қаралган

Танзила Норбоева: Оилада аёлни камситишга оддий ҳол сифатида қаралган
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева билан хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди. 

– Ўзбекистонда аёлларнинг зўравонликка дуч келиши йиллар давомида кўтарилмаган бўлиб, аёл оилада қандайдир камситилиш ҳолатларига учраши оддий ҳол сифатида қабул қилинган, – деди Т.Норбоева. – Бу ҳолатлар юзасидан улар қандай йўл тутишни билмаган. 

Айнан шундай ҳолатларга барҳам бериш учун жойларда реабилитация ва мослаштириш марказлари (шелтер) ташкил этилмоқда. Бундай марказ 2018 йил май ойида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида иш бошлади. Бугунги кунга келиб барча ҳудудларда шундай марказлар фаолият юритиб, юзлаб аёлларга кўмак кўрсатмоқда.

Ҳозирга қадар туман ва шаҳарларимизда 160 марказ ўз фаолиятини бошлади. Ҳар бир марказда психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий соҳа ва тиббиёт ходимларининг жамоатчилик асосидаги фаолияти йўлга қўйилган.

Ушбу марказларда зўравонликка учраган, оғир вазиятга тушиб қолган, инқироз ҳолатидаги хотин-қизларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг 1 сентябрида “1146 - ишонч рақами” ишга туширилди.

“Ишонч рақами” ишга тушгандан буён турли мавзуларда аёллардан 15 мингдан зиёд қўнғироқ бўлди. Мурожаатларнинг энг кўпи уй-жой, оилада ўзаро келишмовчилик, суд қароридан норозилик, алимент ундириш ва маҳалладан моддий ёрдам олиш билан боғлиқ бўлди. Кўпинча хотин-қизлар мансабдор шахслар устидан ҳам шикоят қилмоқда.

Мурожаатлар асосан Тошкент шаҳар, Қашқадарё, Бухоро, Андижон, Хоразм вилоятларидан келиб тушмоқда.

“Ишонч телефон”лари зўравонлик қурбонига айланган хотин-қизларга оғир вазиятдан чиқишларига руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради. Энг асосийси, аёлнинг хоҳишига кўра, унинг мурожаати сир сақланади. Айниқса, ёрдамга муҳтож бўлган, низоли вазиятларда, оилавий-маиший зўрлик ишлатилганда ҳамда ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ҳолатларда тезкор, шошилинч ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, Қўмита ташаббуси билан қўмита вакиллари томонидан хотин-қизлар билан очиқ мулоқотлар ва оддий суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, мавжуд муаммоларни ўрганиш, эҳтиёжманд ва эътиборга муҳтож хонадонларга қонун доирасида амалий кўмак бериш устувор вазифага айланди.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар томонидан содир этилаётган жиноятларга барҳам бериш, судланган, диний экстремистик оқим тоифасидан чиқарилган ва нотинч оилалардаги хотин-қизлар билан ишлаш тизими қандай ишлаётгани, эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатларини берувчи, шу билан бирга хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ янги қонун лойиҳалари нима мақсадда ишлаб чиқилгани бўйича сайтимизда танишасиз.

Бизни кузатиб боринг!

4 809
Норгул Абдураимова, ЎзА