Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.08.2017 13:32 Чоп этиш версияси

Танқидий таҳлил – самарали натижа

Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузаcидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб олинди. Партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари билан жойлардаги ҳақиқий ҳолат юзасидан очиқ фикр алмашилди.

Пленумда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, марказий кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари, партия фаоллари қатнашди.

Партия марказий кенгаши раиси Ҳ.Кетмонов ва бошқалар Президентимиз томонидан сиёсий партияларнинг фаолиятига нисбатан билдирилган танқидий фикрлардан зарур хулосалар чиқариш лозимлигини, партия фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар борлигини таъкидлади. Партия сайловолди дастуридаги ваъдаларни бажариш, партия электорати бўлган пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, ногиронларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, “Мурувват”, “Саховат”, “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини янада сифатли ташкил этиш, пенсионерларни дори-дармон билан таъминлаш бўйича кутилган натижаларга эришилмаган.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўриш ҳамда долзарб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича партиянинг позициясини мунтазам равишда билдириб бориш энг муҳим вазифалардан эканлиги қайд этилди. Қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, муайян қонуннинг ижро этилишини назоратга олиш амалиётини ҳамда партиянинг аҳоли билан тизимли мулоқотини йўлга қўйиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Пленумда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларига алоҳида вазифалар белгиланди. Маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳларининг ижрочи котиблари лавозимлари жорий этилди. Ижрочи котиблар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича маҳаллий кенгашлар ҳамда партия гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган иш режалар ижросини мунтазам мониторинг қилиб боради.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда партия аъзолари мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 071






Все о погоде - Pogoda.uz