Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.11.2017 18:25 Чоп этиш версияси

Таълим-тарбияда психологларнинг ўрни

Андижонда "Вояга етмаганлар ўртасида турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда психологларнинг роли” мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокимлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги олий ўқув юртлари психолог олимлари, таълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, амалиётчи психологлар ва журналистлар иштирок этди.

– Вилоятимиздаги 117 академик лицей ва касб-ҳунар коллежида 103 ихтисослик йўналиши бўйича 94 мингдан зиёд йигит-қиз таҳсил олмоқда, – дейди Андижон вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруков. – Ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ҳамда турли салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Хусусан, мазкур семинар ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга, таълим муассасаларидаги илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, психолог мутахассисларнинг ўқувчилар билан ишлашга оид билим ва малакасини янада бойитишга қаратилган.

Семинарда таълим муассасалари психологларининг касб малакасини ошириш, ўсмир ёшлар билан ишлаш жараёнида диагностик иш услубларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, ёшларнинг нутқ, кийиниш, муомала одоби ва маданиятини янада юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар Андижон миллий ҳунармандчилик ва ижтимоий иқтисодиёт коллежида ўқувчилар ўртасида турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди, ўзаро тажриба алмашди. Ташкил этилган тренинг машғулотларида семинар мавзуси доирасида маърузалар тингланди. Таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўқувчиларнинг турли ёт ғоялар, “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, таълим муассасаси – оила – маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, “Қизларжон” клубини ташкил этиш орқали қизларни турмушга тайёрлаш, уларнинг соғлом турмуш тарзи кўникмасини янада бойитиш юзасидан фикр алмашилди.

– Вояга етмаганлар билан ишлаш, улар ўртасида турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда психологлар муҳим роль ўйнайди, – дейди Қўрғонтепа индустриал педагогика коллежи амалиётчи психологи Феруза Мадолимова. – Бугунги тадбирда орттирган билим ва тажрибамиз келгуси фаолиятимизнинг янада самарали бўлишида ёрдам беради.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 570






Все о погоде - Pogoda.uz