Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.03.2017 12:51 Чоп этиш версияси

Талабаларнинг Наврўз сайли

Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг барча гўшаларида, маданият ва истироҳат боғларида, маҳалла гузарлари, таълим муассасаларида Наврўз сайллари ўтказилмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган сайл “Наврўз – энг улуғ, тароватли муаззам байрам” деб номланди.

Университет ректори А.Мараҳимов ва бошқалар халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, олижаноб орзу-интилишларини мужассам этган Наврўз байрами мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, умумхалқ байрамига айланганини таъкидлади.

Карнай-сурнай садолари остида бошланган сайлда истеъдодли талабалар томонидан миллий урф-одат ва анъаналарга, бетакрор қадриятларимизга садоқат, юртни кўз қорачиғидек асраш, ватанпарварлик туйғулари акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Наврўз тарихига оид маълумотлар, миллий урф-одатларимизга оид бадиий чиқишлар барчага кўтаринки кайфият улашди. Сумалак, ҳалим, кўк сомса каби баҳорий таомлар намойиши, халқ ўйинлари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ҳамда бугунги тинч-осуда ҳаётимиз, турли соҳаларда эришилаётган ютуқ ва марралар ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазма ташкил этилди.

Байрам олдидан факультетлар ўртасида “Моҳир ошпазлар”, “Баҳорий гуллар”, “Сумалак сайли” номли кўрик-танловлар ўтказилган бўлса, Наврўз сайлида ташкил этилган шахмат-шашка, стол тенниси, арқон тортиш, волейбол, миллий кураш каби мусобақалар барчага олам-олам завқ бахш этди.

Сайлда университет талабалари томонидан лапар, ялла, айтишувлар ижро этилди.

Азима Қиёсова, ЎзА
5 655






Все о погоде - Pogoda.uz