ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Тахиатошлик пахтакорлар режани бажарди

Тахиатошлик пахтакорлар режани бажарди

Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани пахтакорлари давлатга 5 минг 250 тонна пахта топшириб, Оролбўйида биринчи бўлиб шартномавий режани бажарди.

Туманда пахтачиликка ихтисослашган 53 та фермер хўжалиги томонидан 2 минг 600 гектарга чигит қадалиб, барча агротехник тадбирлар ўз вақтида сифатли олиб борилди. Натижада далаларда мўл ҳосил олинди.

Етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш мақсадида 50 та отряд ташкил этилиб, уларга 3 минг 500 нафар теримчи бириктирилди. Дала бошларида иссиқ овқат ташкил этилиб, маданий ҳамда савдо хизматлари кўрсатиб борилди. Бугунги кунга келиб теримчиларга 4 миллиард сўмдан зиёд терим пуллари тарқатилди. Бундан ташқари, теримчилар ўртасида мусобақалар ташкил этилиб, ғолиблар ҳомий ташкилотлар томонидан рағбатлантириб борилди. Натижада тумандаги 53 та фермер хўжалигидан бугунги кунга 36 таси шартномавий режасини бажаришга эришди.

Жумладан, “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Мадад Ботир” фермер хўжалиги 132 тонна ўрнига 159 тонна, “Рашид” фермер хўжалиги 145 тонна ўрнига 153 тонна, “Кенегес” овул фуқаролар ҳудудидаги “Мустақиллик” фермер хўжалиги 103 тонна ўрнига 112 тонна, “Туреев Султамурод” фермер 110 тонна ўрнига 120 тонна, “Сарайкўл” овул фуқаролар ҳудудидаги “Азамат” фермер хўжалиги 152 тонна ўрнига 204 тонна, “Гочмедова Бибиназ” фермер хўжалиги 78 тонна ўрнига 86 тонна пахта топшириб, белгиланган режани ортиғи билан бажарди.

– Қишлоқ хўжалиги соҳасига қаратилаётган катта эътибор натижасида ҳар йили юқори кўрсаткичга эришиб келмоқдамиз, – дейди “Азамат” фермер хўжалиги раҳбари Байрамқилич Дадабоев.– Далаларимизда ҳосил мўл. Қўшимча яна 80 тоннадан зиёд пахта топшириб, ўртача ҳосилдорликни 42 центнерга етказмоқчимиз. Ҳисоб-китобларга кўра, йил якунида пахтачиликнинг ўзидан 500 миллион сўмдан зиёд соф фойда оламиз.

5.jpg

12.jpg

1 883
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ, ЎзА