ЎзА Ўзбек

16.05.2018 17:05 Чоп этиш версияси

Тахиатошда иккита қишлоқ обод бўлмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги Найман ва Кенегес қишлоқлари бугун катта қурилиш майдонига айланган.

"Обод қишлоқ" дастурига киритилган мазкур қишлоқларнинг ташқи қиёфаси, кўчалар, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр таъминоти каби муҳим соҳалар йиллар давомида қаровсиз ва эътиборсиз қолиши натижасида ночор аҳволга келиб қолган эди. Бунинг устига аҳолининг уй-жой ва бошқа бино-иншоотлари тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қурилган.

Дастурга мувофиқ, қишлоқларда қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, қайта қуриш, реконструкция ишлари бошланди.

Найман қишлоғидаги 528 хонадондан 58 тасида аниқланган ноқонуний қурилишлар бузилди. Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 56 кам таъминланган оиладан 34 тасининг уйида таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш, 4 та уйнинг том қисмини шифер билан ёпиш ишларига амалий ёрдам берилди.

Ҳудудда жойлашган 1-мактабгача таълим муассасасида қайта қуриш, 5-умумтаълим мактабида мукаммал таъмирлаш, фермер хўжаликларига ёқилғи етказиб бериш шохобчаси биносида реконструкция ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 0,5 километр автомобиль йўллари ва ички йўлаклар таъмирланди.

Дастур асосида белгиланган режага мувофиқ, электр, газ, ичимлик суви тармоқлари реконструкция қилинди, айримлари янгидан қурилди. Тадбиркорларга аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, кичик футбол майдончаси, дорихона ва озиқ-овқат дўконлари қурилиши учун ер майдонлари ажратилди.

Кенегес қишлоғида "Архторус" масъулияти чекланган жамияти лойиҳаси асосида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Қишлоқдаги ноқонуний қурилган уй-жойлар бузилиб, кам таъминланган оилалар уйи таъмирланмоқда. 16-умумтаълим мактабининг янги биноси қурилаётир. "Болалик шаҳарчаси" мактабгача таълим муассасасини қайта қуриш ва атрофини ободонлаштириш, ариқларни тозалаш ва манзарали дарахтлар экиш ишлари авжида.

Бу хайрли ишларга 541,2 миллион сўм маблағ ажратилиб, 200 дан ортиқ ишчи жалб қилинган.

Қишлоқларда олиб борилаётган бундай эзгу ишлардан аҳоли жуда мамнун. Бу одамларнинг ўзлари ғайрат ва ташаббус билан ишлаётганида ҳам кўриниб турибди. Яшаётган уйи, ҳовлиси, кўчасидаги таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига кексаю ёш ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилаётир.

Анвар Насирлаев, ЎзА
4 196