Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2018 20:40 Чоп этиш версияси

Тадбиркорнинг дардини тинглаш ҳокимнинг бурчи

Хоразм вилояти ҳокими И.Собиров кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилган мулоқотда шундай деди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиниши ҳам тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.

Айни пайтда вилоятда 19 минг 330 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажмида кичик бизнеснинг улуши 66,7 фоизни ташкил этади. Иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган 700 мингдан ортиқ аҳолининг 83 фоизи кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келади.

Бироқ вилоятда бу борадаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Мулоқотда айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, соҳада сансоларлик ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Фаолият юритмаётган корхоналар ишини тиклаш, ўз фаолиятини кенгайтирмоқчи ёки тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган ишбилармон кишиларни қўллаб-қувватлашда сусткашликлар мавжуд.

Учрашувда тадбиркорлар ўз бизнесини йўлга қўйиш, ривожлантириш ва кенгайтириш, банкдан имтиёзли кредит ажратиш бўйича фикр ва таклифларини ўртага ташлади. Очиқ мулоқотда корхона, томорқа хизмати, хусусий мактабгача таълим муассасаси, хом ашёни қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам мурожаатлар бўлди. Туман ва шаҳар ҳокимлари, солиқ органлари, тижорат банклари ва бошқа тегишли идоралар раҳбарлари зиммасига таклиф ва мурожаатларни ўрганиб чиқиш, қисқа муддатда қонуний асосда ҳал этиш топшириғи берилди.

– Хива шаҳрида жойлашган меҳмонхонамизни таъмирлаш ва сайёҳларга хизмат кўрсатувчи автобус сотиб олиш мақсадида тижорат банкига кредит олиш учун мурожаат қилган эдим, – дейди “Khiva gold” хусусий тур-фирмаси раҳбари Д.Машарипов. – Банк билан шартнома шартларини келишишда айрим муаммолар юзага келди. Бугунги мулоқотда вилоят ҳокими банк раҳбари билан маслаҳатлашиб, муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
3 820