Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.06.2018 18:11 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлик субъектлари ҳам тавсия этиш ҳуқуқига эга бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан “Мамлакатимизда бошқарув соҳасидаги кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасидаги долзарб масалалар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Давлат бошқаруви академиясининг ўқув ишлар бўйича проректори Х.Азизовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ академиянинг таркибий бўлинмаларида фаолият юритувчи раҳбар кадрлар 68,6 фоизга янгиланган. Амалий машғулотлар улуши 70 фоизгача оширилиб, ўқув режалари ҳамда фан дастурлари такомиллаштирилган.

Матбуот анжуманида 2018-2019 ўқув йили учун қабул тартиби ва квоталари ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, академия магистратурасига грант асосида ўқишга фақат давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек, давлат муассасалари ва давлат ташкилотлари ходимлари қабул қилинади. Магистратурага, қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш учун шахсларни тавсия этиш ҳуқуқига нафақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, ННТлар балки тадбиркорлик субъектлари ҳам эга бўлди.

Магистратура, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш курслари ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш курслари учун 180 нафардан номзод қабул қилиниши режалаштирилган. Ҳозирда академияга ўқиш учун ҳужжатлар тақдим этилмоқда.

Анжуманда академиянинг халқаро ҳамкорлиги тўғрисида ҳам маълумот тақдим этилди. Унга кўра, академия 6 халқаро ташкилот, 9 хорижий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган. Жаҳоннинг турли мамлакатлари муассасаларида академиянинг 37 ўқитувчиси ва ходимлари малака оширган, 97 нафар магистратура тингловчилари амалиёт ўтаган.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Даврон Суннатов, ЎзА
3 194