Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 16:01 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлар фойдасига 1 миллиард 240 миллион сўмдан зиёд маблағ ундирилди

Андижонда Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиевнинг ахбороти тингланди.

Халқ депутатлари Андижон вилояти ва шаҳар Кенгашларидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан ўтказилган тадбирда депутатлар, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, Андижон шаҳар Давлат хизматлари маркази, солиқ, банк идоралари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Андижон вилоятида тадбиркорликни, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга, тадбиркорликни ривожлантиришга ғов бўлаётган тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ахборотида 2017 йил давомида маҳаллий давлат ҳокимияти бошқаруви ҳамда назорат қилувчи органларда ўтказилган ўрганишлар жараёнида 3 минг 91 қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани таъкидланди. Хусусан, тегишли идораларга тадбиркорлар манфаати ҳимоя қилинган 89 тақдимнома, 147 огоҳнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан судларга 30 таклиф, тадбиркорлар фойдасига пул маблағи ундириш ва шартномаларни бекор қилиш юзасидан 47 даъво аризаси киритилган. Қўлланилган чоралар натижасида 26 маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда 24 назорат қилувчи органларнинг қарор ва тақдимномалари бекор қилиниб, тадбиркорлар фойдасига 1 миллиард 248,5 миллион сўмдан зиёд маблағ ундирилган.

Андижон шаҳрида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор Қ.Собировнинг Андижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ноқонуний равишда жарима қўлланилгани ҳақидаги аризаси ўрганилганда, тадбиркорга ҳақиқатан ҳам нотўғри жарима қўлланилгани аниқланди. Бу бўйича вилоят давлат солиқ бошқармасига тақдимнома киритилди. Натижада нотўғри ҳисобланган 12 миллион 690 минг сўм миқдоридаги жарима бекор қилинди. Бунга йўл қўйган ДСИ ходимларига нисбатан қонуний чора кўрилди.

Тадбирда, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар ҳақида кенг маълумот берилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

Фаҳриддин Убайдуллаев, ЎзА
5 082