Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 17:02 Чоп этиш версияси

Тадбиркор ноқонуний текширилмайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш, унинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

– Қонунчиликда амалга оширилган ўзгаришларга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Турдиев. – Лекин юридик шахслар мурожаатига асосан корхона тугатилаётганида ўтказиладиган текширишлар сақлаб қолинди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берилган мурожаатлари асосида фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига биноан қисқа муддатли, яъни 8 соатдан ошмайдиган текширишлар ўтказилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан ўтказиладиган қисқа муддатли текширишлар ҳам фақат Республика кенгашининг қарорига асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик ҳолати бузилганлиги бўйича берган мурожаатлари асосида ўтказилиши жорий этилди.

2017 йил 1 январдан муқобил текширишлар бутунлай бекор қилинганидан келиб чиқиб, Солиқ кодексида солиқ текширувлари турларидан муқобил текшириш чиқариб ташланди. Тадбиркорлик субъектлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни молия йили мобайнида мунтазам равишда тўламаган тақдирда, уларнинг молиявий-хўжалик фаолияти режали текширувлардан ўтказилиши мумкинлиги белгиланди.

Молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этса ва бу ҳуқуқбузарлик инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказмаса, у етказилган зарарни белгиланган тартибда ва муддатда (30 кунда ёки ёзма билдириш берган ҳолда – 6 ой муддатда) ихтиёрий равишда қопласа, яъни солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўласа, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарима ва молиявий санкциялардан (пенядан ташқари) озод қилинади.

Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий инспекциялар ходимлари ушбу янгилик ва ўзгаришлар моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиб, тадбиркорлик учун янада қулай шароит яратилганини тушунтирмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 230






Все о погоде - Pogoda.uz