ЎзА Ўзбек

12.09.2018 19:29 Чоп этиш версияси

Тадбиркор хотин-қизлар форуми

Тадбиркор хотин-қизлар форуми Андижонда ўтказилган бизнес-форумда вилоятда фаолият юритаётган тадбиркор, ҳунарманд ва фермер хотин-қизлар турли йўналишдаги инновацион лойиҳалари, бизнес режалари билан қатнашди.

Тадбир доирасида “Анор – 2018” миллий танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Мазкур танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 20 нафар хотин-қиз иштирок этди.

Иштирокчиларнинг тадбиркорлик фаолияти ишлаб чиқариш, фермерлик ҳамда сервис хизмати кўрсатиш йўналишларида белгиланган шартлар асосида баҳоланди.

2 (1).JPG

Ишлаб чиқариш йуналишида Хонобод шаҳридаги “Мухлис-текстиль” МЧЖ раҳбари Санобар Раҳимова, фермерлик йўналишида Асака туманидаги “Кужгон олтин даласи” фермер хўжалиги раҳбари Маҳфуза Аҳмедова, сервис хизмати кўрсатиш йўналиши бўйича Андижон шаҳридаги “Billi” болалар ўқув маркази раҳбари Хуршида Камолиддинова ғолиб, деб топилди. Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

– Корхонамизда 30 дан зиёд турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди Хонобод шаҳридаги “Мухлис-текстиль” МЧЖ раҳбари Санобар Раҳимова. – Мамлакатимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўтган йили Хитой давлатидан янги дастгоҳ ва ускуналар келтириб ўрнатдик. Бу ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш имконини берди. Ҳозир корхонада 100 га яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилган.

5 (1).JPG

Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Анжуман доирасида тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизлар томонидан тайёрланган, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. Фаолиятида юқори натижаларга эришган, пухта ва асосланган инновацион лойиҳалари билан иштирок этган бир гуруҳ тадбиркорларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат) ЎзА
2 326