ЎзА Ўзбек

10.08.2018 19:22 Чоп этиш версияси

Тадбиркор аёллар фаолияти факт ва рақамларда

Тадбиркор аёллар фаолияти факт ва рақамларда
Бугун барчамиз мамлакатимиз ҳаётидаги ислоҳотлар, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган катта ишларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Тўғриси, Юртбошимиз раҳбарликларида олиб борилаётган ислоҳотлар билан тенгма-тенг ҳаракатланишнинг ўзи ҳам, осон бўлмай қолди. 

Бугун ҳар биримиз ўз фаолиятимизни танқидий кўз билан қайта баҳолашимиз, уни халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ҳаракатлар билан мутаносиблигини таъминлаш куннинг асосий вазифасидир.

Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Фуқаролик институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони нодавлат ташкилотларнинг ана шу ҳаракатларига ҳуқуқий база, ривожланишнинг стратегик йўналишлари бўйича халқ ва давлат ўртасида ўзаро фикр алмашиш учун етарли имкониятлар яратиб берди.

1991 йилда ташкил топган уюшмамиз фаолияти аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, ишсиз аёлларни бизнес асослари ва меҳнат бозорида харидоргир бўлган касбга қайта ўқитишга, тадбиркор аёлларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида уюшма зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, ташкилот ўз низоми бўйича белгиланган вазифаларни изчиллик билан бажариш “Тадбиркор аёл” уюшмасининг жорий йил ўтган даврдаги асосий ҳаракат мазмунини ташкил этди. 

Ассоциациянинг таркибий тузилмалари ривожланишда давом этмоқда. Андижон вилоятининг Андижон шаҳри, Андижон, Қўрғонтепа туманлари, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Чортоқ, Уйчи туманлари, Фарғона вилоятининг Фарғона, Қувасой шаҳарлари ассоциация бўлимлари Адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтиб, юридик мақомга эга бўлди. 2018 йил 1 августига Ассоциация таркибида жами 69 та ҳудудий бўлимлар юридик мақом олиб фаолият кўрсатмоқдалар. 

Бугун нафақат тадбиркор аёллар, балки фермер аёллар билан ҳам ишлашга, уларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганиб, қишлоқ хўжалигига инновацион ғояларни татбиқ этиш, меҳнат самарасини ошириш, уларнинг экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришларига кўмаклашиш бўйича муайян саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Йил бошида “Аёллар фермерлигида инновациялар – ривожланиш ва рақобат асослари” мавзусида 1-Халқаро конференцияси ўтказилди. Конференция ишида 250 нафар фермер аёллар, 10 нафар халқаро экспертлар, ҳукумат вазирлик ва бошқарув ташкилоти вакиллари иштирок этдилар. Фермер аёллар ва инвесторлар билан инновацион ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ жойларида истиқболли инклюзив бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, фермер аёллар ишлаб чиқаришига инновацион технологияларни татбиқ этиш тизимли механизмини яратиш бўйича ишлаб чиқарилган таклифлар тегишли давлат органларига тақдим этилди.

Мамлакат тадбиркор аёлларини қўллаб-қувватлашнинг энг самарали усулларидан бири – уларнинг фаолиятига моддий кўмаклашиш, яъни тадбиркорлик фаолиятларини имтиёзли кредитлар билан таъминлашдир. 2017 йилда уюшмамиз ва “Микрокредитбанк” АТБ ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумига асосан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 10 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб, минглаб тадбиркор аёлларимиз ушбу маблағлардан унумли фойдаланиб, ўз бизнесларини ривожлантиришга, юзлаб янги иш ўринлари ташкил қилишга муваффақ бўлган эдилар. Бу йил ҳам ушбу яхши анъана давом эттирилиб, “Микрокредитбанк” АТБ, “Ҳамкорбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ, “Ипотека банк” АТБлар билан тадбиркор аёллар учун имтиёзли кредит ажратилиши масаласида музокаралар ўтказилди. Ўзбекистон Банклар ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида ўтказилаётган “Анор-2018” миллий танлови Ўзбекистон банклар ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилиш келишиб олинди. Бугунгача Миллий танловнинг 5 та вилоят босқичлари ўтказилиб, уларда 2000 нафар хотин-қизлар иштирок этди.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси мамлакатимиз тадбиркор аёллари фаолиятларини ривожлантириш, уларнинг маҳсулотларини экспорт қилиш, меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқаришга инновацион ва замонавий технологияларни жалб қилиш, етук хорижий мамлакатлар ишбилармон аёллари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. 2018 йил давомида Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган текстиль саноати маҳсулотлари кўргазмасида Ўзбекистон тадбиркор аёллари иштироки таъминланди. Туркия текстиль фабрикалари ва ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилди. Йил охиригача Хитой, АҚШ, Индонезия, Малайзия, Чехия, Франция, Германия, Қозоғистон каби мамлакатларга бизнес сафарлар уюштириш режа қилинган. Ассоциацияга аъзо тадбиркор аёлларимизнинг Нью-Йорк (США), Жакарта (Индонезия) ва Куала Лумпур (Малайзия) шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро бизнес-форумларда иштирок этиши кўзда тутилган.

Мамлакатимиз тадбиркор аёллари лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юртимиз барча ҳудудларида бир хилда муваффақиятли амалга оширилаяпти, деб айта олмайман. Шунинг учун ассоциация марказий офиси раҳбарияти ва мутахассисларининг Республикамизнинг 8 вилоятига амалий ёрдам кўрсатиш ишчи сафарлари ташкил этилди. Ушбу вилоятлар раҳбарлари билан жойларда аёллар тадбиркорлиги ҳаракатини ривожлантириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича учрашувлар ўтказилди. Ҳамкорлик бўйича махсус дастурлар белгиланди. Ассоциация ва унинг ҳудудий таркибий тузилмалари томонидан давра суҳбатлари, семинарлар, мутахассислар билан очиқ мулоқот кўринишида 20 та тадбир ўтказилди. Йил охиригача ҳамкор ташкилотлар билан яна 15 та тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Доимий асосда ассоциация аъзоси бўлган тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган аёлларга 14 мингта бизнес маслаҳатлар берилди.

Мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг ислоҳотларнинг стратегик йўналишидир. Уюшмамиз ҳам ишсиз хотин-қизлар учун янги иш ўринлари барпо этишни фаолиятининг асосий мақсадларидан бири, деб билади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг стратегик лойиҳаси – “2018-2020 йилларда Хотин-қизлар учун бизнес таълим тизимини мукаммаллаштириш” дастури орқали мамлакатимизда аёллар тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантириш, ижтимоий фойдали меҳнат билан банд бўлмаган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш, янги иш ўринларини яратиш концепцияси тақдим этилди.

Ассоциация қошида ҳакамлик суди ташкил этиш бўйича ҳужжатлар тайёрланиб, Адлия вазирлигига тақдим этилди. Ҳакамлик суди судьяларига таълим бериш тизимини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. 

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик, иқтисодий- молиявий сиёсатга оид фармон ва қарорлар моҳиятини кенг оммага етказиш, тадбиркор ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун имкониятлар очиш, тадбиркор ва ишбилармонлар сафини кенгайтириш, тадбиркор ва ишбилармон аёлларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат соҳаларидаги энг илғор тажрибаларни оммалаштириш, тадбиркорлик соҳасида меъёрий ҳужжатлар, соҳага оид янгиликлар, янги технологиялар, хорижий тажриба ва бошқа қизиқарли маълумотларни қамраб олган “Tadbirkor ayol” журналини чоп этиб келмоқда. Ушбу журнал мамлакатимизда ишбилармонлик фаолиятини юритаётган илғор аёллар қаторида, тадбиркорлик йўналишида энди иш бошлаётган хотин-қизлар учун дастуриламал сифатида хизмат қилмоқда. Журналнинг хорижий мамлакатлар элчихоналари ва халқаро институтларнинг юртимиздаги ваколатхоналарига тарқатилиши муҳим аҳамият касб этиб, аёллар тадбиркорлигига юртимизда берилаётган эътибор, уларга яратилган шароитлар тарғибот қилиниши билан бирга, мамлакатимиз ва хориждаги ишбилармон аёллар ўртасида касбий алоқалар ўрнатилишига ҳам хизмат қилмоқда. Молиявий қийинчиликларга қарамай, журналнинг ярим йиллик нашрлари муштарийларга етказиб берилди. 

Бир қарашда мамлакатда аёллар тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантириш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилгандай. Аммо фаолиятимизга танқидий руҳда қарайдиган бўлсак, қилиниши керак бўлган ишларимиз қилинганидан кўпроқ. Муҳими, тадбиркор аёлларимиз Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда аёллар тадбиркорлик ҳаракатини янада кенг қулоч ёйдиришга, янги марраларни забт этишга, мамлакат иқтисодиётида ўзларининг салмоқли улушлари бўлишига астойдил бел боғлаган.

Гулнора Маҳмудова,
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон 
аёллар ассоциацияси раиси

ЎзА
10 106