Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 18:25 Чоп этиш версияси

Сувли-ботқоқли ҳудудларда ноқонуний овчиларга қатъий чоралар кўрилмоқда

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида мамлакатимизда сувли-ботқоқли ҳудудларни муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Табиатнинг ўзига хос кўринишини намоён этувчи сувли-ботқоқли ҳудудлар биологик хилма-хилликни муҳофазалаш, иқлим барқарорлигини сақлаш, озиқ-овқат тўкинлигини таъминлаш, сув ресурслари ҳолатини баҳолашда муҳим табиий омилдир. Мамлакатимизнинг сувли-ботқоқли минтақалари дарёлар, кўллар, сув омборлари ва қатор ирригация тизимларини қамраб олади. Ушбу сув ҳавзаларида сувда сузувчи ва сув бўйича ҳаёт кечирадиган бир юз эллик турдан кўпроқ қушларни учратиш мумкин. Юртимиз орнитофаунасининг ўттиз фоиздан кўпроғини ташкил этадиган ушбу қушларнинг йигирма турга яқини халқаро ва Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган.

Ушбу ноёб турларни асл ҳолича асраш, улар ҳаёт кечирадиган сувли-ботқоқли ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлаш долзарб вазифадир. Тадбирда ушбу йўналишда Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, унинг ҳудудий тузилмалари, илм-фан муассасалари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.

Мамлакатимиз сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисидаги халқаро конвенцияга 2001 йилда аъзо бўлган эди. Ўтган йилларда ушбу йўналишда қатор дастур ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Натижада Бухоро вилоятидаги Айдаркўл ва Жиззах вилоятидаги Айдар-Арнасой кўллар тизими Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилди. Айни пайтда яна бир қатор табиий ҳудудларни ушбу рўйхатга киритиш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Давлат ва жамоат ташкилотлари, илм-фан муассасалари ҳамкорлигида мамлакатимиз орнитофаунасини чуқур тадқиқ этиш, сувда сузувчи қушларнинг мониторингини юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Юртимизга ҳар йили тўрт миллиондан зиёд сувда сузувчи қушлар учиб келади, – дейди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси "Давбионазорат" инспекцияси мониторинг бўлими бошлиғи Сергей Загребин. – Шунингдек, доимий яшайдиган қушларнинг ҳам кўплаб турларини учратиш мумкин. Бу юртимизда барқарор экологик муҳит яратилганининг ифодасидир. Бу борадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида қушларнинг ҳаёт тарзи, миграциясини ўрганиш, ҳайвонот олами ва улар яшайдиган ҳудудларга салбий таъсирнинг олдини олиш бўйича мунтазам мониторинг ишлари йўлга қўйилган. Ҳар йили январь ойининг ўрталарида қушларни ҳисобга олиш ишлари ташкил этилмоқда. Бу жараёнда ноқонуний ов ва бошқа экологик қонунбузарликларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда мамлакатимизда сувли-ботқоқли ҳудудларни муҳофазалаш ва бошқаришни такомиллаштириш, Рамсар рўйхатига киритилган сувли-ботқоқли ҳудудларда қушларнинг саноғини юритиш, экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш, табиатни муҳофазалашга оид қонунларнинг ижроси самарадорлигини янада ошириш билан боғлиқ вазифаларга бағишланган маърузалар тингланди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
3 619






Все о погоде - Pogoda.uz