Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 12:28 Чоп этиш версияси

Табиий сув ҳавзаларидан самарали фойдаланилмоқда

Мамлакатимизда табиий сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш, ундан оқилона фойдаланишга қаратилаётган алоҳида эътибор экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг салбий оқибатлари олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”, “Чиқиндилар тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик мувозанатни таъминлашда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Навоий вилоятида ҳам табиий сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш, унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

– Тўдакўл, Шўркўл, Айдаркўлнинг сувости дунёси хилма-хиллигини доимий назорат қилиш асосий вазифамиздир, – дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Ф.Қодиров. – Вилоят ҳудудида 148 минг 500 гектарда Айдаркўл, 21 минг 620 гектарда Тўдакўл ва 274 гектарда Шўркўл сув ҳавзалари жойлашган. Мазкур кўлларда ноқонуний овчилик ва қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинмоқда.

Мамлакатимиз сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисидаги халқаро конвенцияга 2001 йилда аъзо бўлган. Хусусан, Айдаркўл ва Айдар-Арнасой кўллар тизими Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилган.

Қизилтепа туманидаги Тўдакўл ҳавзасида “Аква Тўдакўл” Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонасида балиқчиликни ривожлантириш, йўқолиб бораётган балиқ турларини кўпайтириш борасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Корхона томонидан ўнга яқин ноёб балиқ тури парваришланмоқда. Жумладан, Африка лаққа балиғи инкубация усулида кўпайтирилаётир. Мазкур балиқ тури йилига 3 маротаба уруғланиб, тез кўпаяди ва қисқа муддатда вояга етади. Корхонага қарашли кўлдаги икки йирик ҳовузда балиқ чавоқлари ўстирилмоқда. Балиқ учун махсус озуқалар корхонанинг ўзида тайёрланаётгани даромадни янада ошириб, маҳсулот таннархининг арзонлашишида муҳим омил бўлаётир.

Шўркўл сув ҳавзасининг асосий қисми Конимех тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, айни пайтда кўлда “Момиқчи сазан-судак” балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Катта ҳудудни эгаллаган Айдаркўлда 33 балиқчилик хўжалиги ташкил этилган.

Мухтасар айтганда, вилоятда табиий кўллар ва сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш баробарида ундан самарали фойдаланиш, балиқчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
1 373






Все о погоде - Pogoda.uz