ЎзА Ўзбек

14.09.2018 20:06 Чоп этиш версияси

Табиат қўйнидаги файзли концерт

Табиат қўйнидаги файзли концерт Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида симфоник концерт – "OPEN AIR" мусиқий дастури бошланди.

Очиқ осмон остида ташкил этилган мазкур концертга мусиқа ихлосмандлари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат, ижодий ташкилотларининг вакиллари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг мутасаддилари таклиф этилди.

Мамлакатимизда халқимизни мусиқа санъатининг энг нодир намуналаридан баҳраманд этиш, ёш авлоднинг мусиқий диди ва савиясини тўғри шакллантиришга долзарб масала сифатида эътибор қаратилмоқда. Президентнинг 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган мулоқотида ҳам айни жиҳатлар устувор масала сифатида муҳокама этилган эди.

Юртимизда мусиқанинг турли жанр ва йўналишлари бўйича ранг-баранг, бири бошқасини такрорламайдиган, турфа ижодий лойиҳалар, фестиваль ва танловлар, концертларнинг мухлислар эътиборига ҳавола этилаётгани бу йўлдаги амалий ғамхўрликнинг ёрқин тасдиғидир.

“OPEN AIR. Серенадалар, классик ва рок мусиқа“ деб номланган ушбу дастур Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг навбатдаги 89-ижодий мавсуми очилишига бағишланади. Концерт “SOTHIS AEGIS” компанияси томонидан Маданият вазирлиги, “Ўзбекнефтегаз“ миллий холдинг компанияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилди.

Шуни таъкидлаш керакки, мазкур театрнинг ҳар бир ижодий мавсуми ўзига хослиги, турли премьералар, концертлар, машҳур опера ва балет санъати юлдузлари, режиссёр ва продюсерлар, дирижёрлар, созандалар иштирокидаги маҳорат сабоқларига, танлов ва фестивалларга, мусиқий мулоқотларга, катталар, ҳам болалар учун саҳналаштирилган спектаклларга бойлиги билан аҳамиятлидир.

...Шарқираган биллур фаввора. Гулларга бурканган сўлим хиёбон. Камалак рангидаги турфа чироқлар кечага янада афсонавий руҳ бағишлайди. Мусиқа янграйди. Оркестр жамоаси ижросидаги ажойиб тароналар қалбларга шукуҳ ва завқ бағишлайди. Халқаро ва республика танловларининг ғолиблари, опера санъати юлдузлари, ёш истеъдод соҳиблари ижросидаги куй ва қўшиқлар мусиқанинг бор нафосатини янада теранроқ ҳис этишга ундайди. Ўзбек ва жаҳон композиторларининг асарлари оҳанглар оламининг сеҳри, ғоят бетакрорлигидан сўзлайди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
2 653