Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2017 18:37 Чоп этиш версияси

Табиат ва тарбия

Хуршид Ҳамидов Шайхонтоҳур туманидаги 59-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси. У айни кунларда ушбу мактаб қошидаги “Бинафша” ёзги соғломлаштириш оромгоҳида хордиқ чиқармоқда. Бу ерда ташкил этилаётган бир-биридан қизиқарли интеллектуал ўйинлар, тўгараклар ва саёҳатлар болажонларга хуш ёқмоқда.

– Синфдошларим билан ўқув масканимизда очилган оромгоҳга қатнаймиз, – дейди Хуршид. – Бу ерда ўтказилаётган турли кўнгилочар ўйинлар, тадбирлар ва мусобақаларда фаол иштирок этаяпмиз. Айниқса, табиатни асраш, экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича ташкил этилаётган тадбирлар биз учун жуда фойдали бўлмоқда. Бундай тадбирлар она табиатга меҳр қўйиш ва унинг мусаффолигини асрашга бўлган масъулиятимизни янада оширади.

“Оила – тарбия ўчоғи” мавзуида ташкил этилган тадбир ҳам 59-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби қошидаги “Бинафша” ёзги соғломлаштириш оромгоҳи дам олувчилари учун янада мазмунли бўлди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси, Саломатлик ва тиббий статистика институти Тошкент шаҳар филиали ҳамда мазкур умумтаълим мактаби ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида она заминимиз мусаффолигини асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳит тозалигини сақлашда аҳоли, айниқса, навқирон авлоднинг экологик маданиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар амалий натижалар бераётгани алоҳида таъкидланди.

– Озодалик ва ободлик каби миллий анъаналаримизни ёшлар онгига сингдиришда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раҳбари Диёра Шарипова. – Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, характери, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар, шу муносабатлар тўғрисидаги дастлабки тасаввурлар оила шароитида, ота-она берган тушунчалар асосида шаклланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, оила тарбияси шахс маънавиятининг шаклланишидаги асосий восита ҳисобланади. Бугунги тадбирда айнан шу масалалар бўйича иштирокчиларга маълумот бердик, бу борада уларнинг фикрларини билдик ва ўргандик.

Тадбирда мутахассислар томонидан она табиат мусаффолиги ёш авлоднинг соғлом ва комил инсонлар бўлиб етишишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги атрофлича тушунтириб берилди. Интерфаол ўйинлар асосида машғулотлар ўтказилди.

Болажонларнинг бадиий чиқишлари тадбирга янада файз киритди. Фаол иштирокчилар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
1 503






Все о погоде - Pogoda.uz