Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2018 21:22 Чоп этиш версияси

Тўйнинг туганмас "томоша"лари

Тўй нимадан бошланади? Келинликка арзирли муносиб қизни дараклашданми?.. Йўқ! Бизда пул жамғаришдан, йиллар давомида емай-ичмай, киймай, соғлиқни, ҳаловатни унутиб, бор-будини йиғиб-теришдан бошланади. Замона зайли билан "Қизингни бешикка сол, молини сандиққа сол!" мақоли ҳам эскирди. Негаки, кийим-кечак, ажабтовур мол-матоҳнинг русуми, модаси йил сайин ўзгармоқда. Буни билган ота-оналар ими-жимида маблағни фарзандларидан, ўзидан қийиб, аста-секин жамғариб бораверади.

Аслида тўй энг яхши байрамларимиздан саналиб, ота-оналар орзусининг рўёбидир. Халқимиз азалдан фарзандларининг камолоти, бахту иқболини кўришдек эзгу ният билан яшайди. Икки ёшнинг оила деб аталмиш муқаддас қўрғонни барпо этишга аҳд қилгани тўй-томоша, шоду хуррамлик, хурсандлик билан нишонланган.

Лекин кейинги йилларда тўй антиқа томошага айланиб кетмоқда. Бунинг сабаби одамларнинг андишани устун қўйиш, кулгига қолиш, оғзига кучи етмаганларнинг маломати билан узвий боғлиқ...

– Оилаларда оталарнинг ўрни, мавқеи бой берилаётгани тўйларда намоён бўлмоқда, – дейди Маънавият ва маърифат маркази бўлими бошлиғи Эргаш Даминов. – Бизда ота ҳамиша оила боши саналган. Энди отага фақат пул топиб келувчи хизматкордек муносабатда бўлинаётгани, унинг раҳнамолик ўрнига она даъво қилаётгани, тўйларда асосан аёллар етакчи мавқе эгаллаётгани турли нохуш ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

Ҳамма нарсанинг ҳисоби бор, жумладан, тўйнинг ҳам. Бу мураккаб жараённи чўтга солишга ҳаракат қилиб кўрилса, келгусида қариндош бўлиш истагидаги хонадонга бир неча марта совчи бориши, ёшларнинг дабдабали учрашувлари, бунда келин учун совға-салом тайёрлаш бир дунё пул талаб қилади. Оддийроқ тўйхонага 350 киши келишини ҳисоблаганда, битта ўртача тўй нархи 50-60 миллион сўмга бориб қолади.

Бу рақам ғоят нисбий ва тахминий. Ўртача ҳисоблаганда, йигит ва қиз томоннинг харажатлари тахминан 100-120 миллион сўмни ташкил этмоқда.

– Февраль ойида бизнинг муассаса орқали никоҳга кириш учун ёшлардан 150 ариза тақдим этилди, – дейди Учтепа тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Нозима Абдусаломова. – Булар март, апрель учун режалаштирилаётган тўйлар. Ўтган ойда бўлиб ўтган тўйлар 81 тани ташкил этди. Ёшлар ариза беришга келганида тўйларни камхарж ўтказиш масаласи, бўлғуси келин-куёвнинг оила, жамият, ота-онаси олдидаги бурчи, масъулиятини теранроқ тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

– Тўйларни ихчам ўтказишда маҳалла фаолларининг ўзи ташаббус кўрсатмоқда, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзурахон Валиева.

Назокат Усмонова, ЎзА
11 301