ЎзА Ўзбек

06.03.2018 17:37 Чоп этиш версияси

ТЎЙЛАР ҚИЛИНГ, ЛЕКИН МЕЪЁРИДА

Топган-тутганингиз тўйга буюрсин

Азалдан топганини дастурхонга тўкиб, эл-юртга ош бериб, тўйлар қилиб келган халқимиз сўнгги вақтларда меъёрни унутди. “Бор товоғим-кел товоғим” деб, уят, андиша, ор-номусни ёдидан чиқарди. Қарз олиб бўлса ҳам дабдаба орқали обрў орттиришга уринмоқда.

Қиз оши, қизлар базми, фотиҳа тўйи, катта тўй, суннат тўй, бешик тўй, келин чақирди, куёв чақирди, қуда-андаларнинг туғилган кунлари... – санайверса, одам адашиб кетади. Ҳар кимни яхши кунларга, тўйларга етказсин. Аммо қийналиб, фарзандлар ризқини қийиб, таъмагирлик қилиб, пора олиб, тадбир ўтказиш қанчалик тўғри?

… Нодирани ота-онаси узатиш тараддудига тушиб қолди. Ёши йигирма бешга чиққан. Орқасида икки синглиси бўй чўзиб келяпти. Буёғи – тўйчилик. Уларга ҳам йиғиниб-териниш керак. Совчиликка келганда айтилмаган талаблар фотиҳа тўйи арафасида очиқ-ойдин ўртага ташланди. Кимга сарпо, яна кимга совға-салом, айтилиши керак бўлган таниш-билишлар сони ортгандан ортди. Нодира учун бу оддий ҳол эди. Ахир, дугоналарининг қандай сарпо-суруғ билан келин бўлаётганини кўрган. Қудаларнинг талабларига унинг ҳам чегара билмас хоҳишлари қўшилди. Натижада устачилик билан рўзғорини тебратиб юрган Олим Абдухолиқовга қийин бўлди.

Бир қизининг кўнглига қарайди, бир қудаларнинг. Камига аёли ҳам йўқ жойдан қудаларга қилиниши керак бўлган “ёзилмаган қонунлар асосидаги совғалар рўйхатини” қўлига тутқазади.

Қариндош-уруғ, таниш-билишлар омон бўлсин. Ҳарқалай, қарз сўраганда, йўқ дейишмади. Шоҳона ресторанда бўлган катта тўйдан қизи ҳам, қудалар ҳам хурсанд. Аммо тўйдан кейин барака учди. Тўрт-беш сўм қўлга тушди дегунча қарзини сўраб келишади. Энди куёвнинг туғилган кунига сарпо ва мебель қилиши керак экан. Яна қимматроғидан.

Шундай ташвишлар билан юрганида бир таниши даромадли иш борлигини айтиб қолди. Олти ойда анча-мунча пул топишини ваъда қилиб, йўл ҳақини ҳам ўзи тўлаб, уста ва унинг аёлини хорижга чиқариб юборди. О.Абдухолиқов фирибгарлар тузоғига тушиб қолганини англаганида кеч бўлган эди.

Ижтимоий тилаклар авж олса

Тўйлардаги дабдабалар, чиқимларнинг ортиши, маданиятимиз, менталитетимизга тўғри келмайдиган тадбирларнинг кўпайгани ҳақида роса гапириляпти. Аммо бунинг таъсири сезилгани йўқ. Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига сафари асносида бу борадаги муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Бу гаплар кўпчиликни мулоҳазага чорлагани, турфа фикрлар билдирилгани, ҳатто ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларгача боргани ҳақиқат. Кимдир қонун-қарорлар қачон чиқиши, кучга киришининг ижобий томонлари ҳақида гапирса, яна кимдир буни тартибга солиб бўлмаслигини таъкидламоқда. Нега? Чунки нима қилиш кераклигини одамларнинг ўзи англамаяпти. "Атрофдагилар нима дейди", "одамлар гап қилади" деб ўзини оқлашга уриниш авж олмоқда.

Ижтимоий тармоқдаги суҳбатларнинг бирида бундай дейилади: “Тўйда халқ тилида ўртакаш дейдиган бошловчи йигит тошкентча “Она” операциясида ўзидан келиб чиқиб шундай тилак билдирдики... куёвтўранинг онасига қараб ялтоқланиб: “Онажон! (ҳаётида ўз онасига шундай мурожаат қилганми-йўқми, Тангри билади) фарзандларингизнинг тўйи муборак бўлсин! Яқин йилларда сиз катта бир боғчанинг мудирасига айланинг, қудангиз эса хўжалик мудири бўлиб невараларингизга қўша-қўша бешиклар, қўша-қўша қовурдоқлар ташисин...” у яна нималар деди билмайман».

Халқимизга хос бўлган бахту омонлик, қўша-қўша фарзандлар тилашдек азалий эзгу дуолар ижтимоийлашган қуруқ тилакларга айланиб бормоқда.

Келин томон берган қимматбаҳо сарпони кийиб, мебелларда ўтириб, олиб келинган турли-туман овқатни еган куёвнинг ғурури, ор-номуси қаерда қолмоқда? Унинг ўрнига она қарор қабул қилиб, ўғли эмас ўзи уйланаётганга ўхшаб қолмаяптими?

– Тўйдан олдин қудалар билан келишиб олганман, – дейди ўзини Адолат Парпиева деб таништирган аёл. – Ўғлимга икки хонали уй бераман. Алоҳида яшайди. Лекин уйни тўлдириш, рўзғор буюмларининг энг сарасини олиб келиш – қудаларнинг иши. Арслон ўғлимни беряпман, ахир.

Бу гапга кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайди киши. "Арслон”ни келинга топшираётгани учун шунча талаб. Гулдек қизни тарбиялаб, вояга етказиб, оқ ювиб оқ тараган ота-онанинг нима айби бор?

– Турмуш ўртоғим билан совчилар орқали танишганмиз, – дейди зангиоталик Ҳилола Файзиева. – Яқинда тўрт йил бўлади. Шукр, талаблари ортиқча бўлмаган. Аммо каттагина тўй бўлган эди. Уйни тўлдириш, сарполар, келин-куёв чақирдилари кабиларда ҳам келишган ҳолда иш кўрдик. Баъзи нарсаларни қилмаганимиз учун қайнонам гапиргандек ҳам бўлган. Лекин турмуш ўртоғим бу масалани узил-кесил ҳал қилган. Қизли бўлдим. Ҳозирданоқ уни узатиш ҳақида ўйлайман. Қайнонаси гапирмайдиган бўлсин-да. Тўйларни кўриб, ўзим қанча сарф-харажат қилишимни ўйласам, қўрқиб кетаман.

Қизни ўқитиш, касбли қилиш, оқ-қорани танитиб, элга, жамиятга фойдаси тегишини эмас, уни тинчгина, бор молк-мулки билан эгасига топшириш ҳақида ўйлаётганлар сафи кенгаймоқда. Бу оилаларга мустаҳкамлик, тўла-тўкис бахт бермаслигини қачон англаймиз?

Ушоқнинг ҳам уволи бор

“Олинг, қуда – беринг, қуда” иримлари тўй оқшоми яна авжига чиқяпти. Тўй оч қолган қариндош-уруғларни боқиш маросимига ўхшайди.

Тўқликка шўхлик, ким ўзарга иш тутиш авж олаётир. Булар етишмовчилик, низо, жиноят, қўйди-чиқдиларнинг асосий сабабчиси бўлмоқда.

Никоҳни муқаддас билиб, уни пок сақлаш, ўзини кўз-кўз қилишдан тийилиш ўрнига латта-путта, молу дунё, дабдаба, бекорчи ҳою-ҳавас ортидан қувишнинг асоратлари кишини ўйга толдиради.

Ҳа, бу дабдабабозлик, сарф-харажатли турли маросимлар жуда кўпчиликни чарчатган. Аммо уни ўзгартириш учун нима етишмаяпти? Биз қачон ўзимизга келамиз экан?

Барно Мелиқулова, ЎзА
11 623