Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 19:23 Чоп этиш версияси

Тўрт сектор ҳудудлар тараққиётига хизмат қилмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ишни ташкил этишнинг янги тизими асосида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий раҳбарлари бошчилик қилаётган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти ўз самарасини бераётир.

Вилоятнинг ҳар бир тумани ва шаҳари ихтисослашуви чуқур таҳлил қилиниб, 4 секторга бўлинди. Жумладан, вилоят ҳокимига Гулистон шаҳри, Ховос ва Сардоба туманлари, вилоят прокурорига Янгиер шаҳри, Боёвут ва Сайхунобод туманлари, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига Ширин шаҳри, Сирдарё ва Оқолтин туманлари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига Гулистон ҳамда Мирзаобод туманлари бириктирилди.

“Йўл харитаси”га асосан ҳудудлар ҳокимлари томонидан ушбу масала бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, 34 нафар ходимдан иборат ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Вилоят прокурорига бириктирилган ҳудудга қарашли 68 маҳалла фуқаролар йиғинидаги 45 минг 525 хонадонда 233 минг 190 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар 3 минг 516 гектар томорқадан унумли фойдаланиши учун барча шароит яратилмоқда. Ҳудуддаги 213 эҳтиёжманд оилага тижорат банкларининг 883 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Жорий йилда ҳудудимизда 436 лойиҳа амалга оширилиши натижасида 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Ҳудуддаги ҳар бир хонадонни ўрганиш, “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланиш ҳолатини аниқлаш мақсадида шу йил 14 апрель куни вилоят прокурорининг фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, прокуратуранинг 54 ходими 45 минг 525 оилага бириктирилди ва уларга ҳар бир оилага кириб, томорқадан фойдаланиш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганиш вазифаси топширилди.

Бандлик бўлимларига мурожаат қилган 467 фуқаронинг 200 нафардан зиёди ишга жойлаштирилди. Бугунги кунда ҳудудда 1 минг 400 га яқин ишсиз фуқаро борлиги аниқланган. Уларни ҳам иш билан таъминлаш чоралари кўрилаётир.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида Янгиер шаҳри, Боёвут ва Сайхунобод туманлари соғлиқни сақлаш муассасаларини замонавий жиҳозлаш, зарур техника ва дори-дармон билан таъминлаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда биноларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун талаб этиладиган маблағ ажратиб берилди.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Чунончи, 41 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга тижорат банклари томонидан 2 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди.

Ҳудудимизда 415 километрга яқин ички хўжалик йўллари мавжуд. Ўрганиш натижасида 19 маҳаллада салкам 20 километрлик йўл таъмирталаб экани аниқланди. Айни пайтга қадар 12 километрдан зиёд йўл жорий таъмирдан чиқарилди. 970 хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.

Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 3 маҳалладаги 108 дона бетон симёғочлар, 2 маҳаллада 3 километрдан ортиқ электр ўтказгич симлари алмаштирилди. 3 маҳаллада 4 трансформатор ўрнатилди.

Аҳоли ва ташкилотларнинг электр энергияси ва табиий газдан қарздорлигини бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 400 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик камайтирилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси вакиллари, имом-хатибларни жалб этган ҳолда вояга етмаганлар, ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшлар ўртасида ўтказилаётган профилактика тадбирлари юксак самаралар бермоқда.

Қисқача айтганда, оилалар, маҳаллалар, корхона-ташкилот ва муассасаларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан орқада қолаётган ҳудудларни ривожлантиришнинг муаммоли масалаларини ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш борасида фойдаланилмаётган имкониятларни тўлиқ ишга солиш чоралари кўрилмоқда.

Равшан Машарипов,
Сирдарё вилояти прокурори.

ЎзА
2 415






Все о погоде - Pogoda.uz