Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2017 19:42 Чоп этиш версияси

Тўлов интизомини бузманг, акс ҳолда...

Мамлакатимизда суд тизимини тубдан ислоҳ қилиш, судни адолат қўрғонига айлантириш, умуман, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган эди.

Мазкур бюро зиммасига энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш каби вазифалар юкланган.

Бугун Мажбурий ижро бюроси бўлимлари томонидан жарималарни ундириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жарималарни тўлашдан қасддан бўйин товлаган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда судларга тақдимномалар киритилиб, суд томонидан аввал тайинланган жазонинг жарима тўлаш турини бошқа оғирроқ турига алмаштириш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бўлими, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани суди ҳамкорлигида жарималарнинг ундирувлари бўйича сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда жарималарни тўлашдан қасддан бўйин товлаган бир неча фуқаронинг иши кўриб чиқилди.

Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи, муқаддам судланган фуқаро Рустам Раимқуловга Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судининг 2017 йил 28 апрелдаги ҳукми билан жарима тўлаш жазоси тайинланган эди. Туман Мажбурий ижро бўлими ходимлари томонидан берилган огоҳлантиришларга қарамай фуқаро томонидан ушбу жарима шу кунгача тўлиқ тўланмаган.

Жарима 5 ой давомида тўлиқ тўланмаганлиги туфайли сайёр суд томонидан Р.Раимқуловга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан 1 йилу 1 ой 15 кун муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди.

Мамлакатимизда қонун устувор экани ва ҳар бир жиноятга жазо муқаррарлигини ҳеч бир фуқаро унутмаслиги лозим.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 048






Все о погоде - Pogoda.uz