Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.06.2018 15:06 Чоп этиш версияси

Сувдан оқилона фойдаланиш – муҳим вазифа

Сувдан оқилона фойдаланиш – муҳим вазифа
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида сув танқислиги шароитида қишлоқ ва сув хўжалиги ишларини оқилона олиб бориш масаласи муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сув танқислиги кутилаётган бу йилда Қорақалпоғистонда ғалладан бўшаган майдонларга экиладиган такрорий экин майдонлари кўламини 10 минг гектарга қисқартириш, уларнинг ўрнига сувни кам талаб қиладиган мош, ловия ва бошқа экинлар экиш белгиланмоқда. Ҳудудда 1 июндан 1 июлгача "Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги» эълон қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар, шу жумладан, ғўза парвариши, ғалла ўрим-йиғими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш масалалари муҳокама қилинган эди. Жўқорғи Кенгесда ўтказилган сессия мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

2.JPG

9.JPG

Сувдан мақсадли фойдаланишни қатъий назоратга олиш, сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш, тупроқнинг намлигини сақлаш учун ҳар гектарга 10 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш, суғориш ишларини шарбат усулида олиб бориш, иш самарадорлигини ошириш мақсадида сувчи, механизатор ва ишчиларга қулай меҳнат шароити яратиш, вақтида иш ҳақи билан таъминлаш муҳим вазифалардан саналади.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бу йил пахта ва ғалла етиштиришни молиялаштириш, томорқа ерлардан фойдаланиш бўйича янги тизим яратилди. Хусусан, пахта етиштириш учун 359 миллиард 190 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилаётир. Дастур асосида "Агромаш-сервис" машина-трактор паркига 10 йил муддатга 5 фоизлик кредит ҳисобидан 71 миллиард 742 миллион сўмлик 313 дона техника ва агрегат олиб келинди. 

Сув танқислиги кутилаётган шароитда ҳудудда сув хўжалигини бошқариш муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил декабрда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида мелиорация ва ирригация тармоқларини барпо этиш ва таъмирлаш лойиҳалари билан танишиб, қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Шу асосда Тўрткўл туманидаги "Шўрбулоқ" сув омборини қуриш бўйича 4 миллиард сўмлик шартнома имзоланиб, ишлар бошлаб юборилган. Шунингдек, "Бўстон" каналининг қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилди.

16.JPG

Сессия мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор мажлисидан келиб чиқадиган вазифалар, пахта ва ғалладан мўл ҳосил тўплаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда 4 сектор раҳбарларининг масъулияти бўйича маълумот берди.

Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
4 371