Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 16:14 Чоп этиш версияси

Сув таъминоти яхшиланмоқда

Мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантиришга доир муҳим дастур ва лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилиши шаҳар ва туманлар, жумладан, қишлоқ жойларда марказлаштирилган сув таъминоти ҳолатини тубдан яхшилаш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш билан боғлиқ ҳал этилмаган қатор муаммолар ҳам мавжуд.

Жанубий минтақаларда, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида тоза ичимлик суви таъминоти етарли даражада эмас. Баъзи чекка қишлоқларимиздаги марказлаштирилган сув таъминотининг ҳолатини қониқарли, деб бўлмайди.

Президентимизнинг жорий йил 18 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ҳамда 20 апрелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарорида мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашнинг самарали механизмини яратиш борасида аниқ вазифалар белгиланган.

Аҳолини марказлашган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олишни мамлакат миқёсида 84 фоизга, бир қатор ҳудудларда эса 90 фоизга етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тасарруфидаги “Гидрогеология ва муҳандислик геологияси” давлат корхонаси томонидан ер ости ичимлик сувлари, минерал ва саноат сувларини қидириш, баҳолаш, разведка қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ишлари замонавий технологиялар ва илғор усуллар асосида олиб борилмоқда.

– Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги тасдиқланган сув захираларидан умумий олинаётган сувлар 5,5 миллион куб метрни ташкил этмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси ўринбосари Аслон Мавлонов. – Шу билан бирга, ер ости сув ресурслари республикамиз ҳудуди бўйича бир текисда тарқалмаган. Яъни, 30 фоиздан ортиқ аҳоли сифатли ичимлик суви билан кам таъминланган ҳисобланади. 69 шаҳар, 335 шаҳар туридаги посёлка ва 2 минг 902 қишлоқ аҳоли яшаш пунктлари ер ости сув захираларидан ичимлик суви билан таъминланган. Қолган аҳоли яшаш пунктлари эса тасдиқланмаган сув захиралари, ер усти сувлари ҳамда қудуқлар ва бошқа сув ташувчи манбаалардан фойдаланмоқда. Жорий йилнинг бошидан гидрогеологик корхоналар томонидан ўтказилган хатловлар натижасида ер ости сувларини тортиб олиш учун қазилган бурғи қудуқларининг 60 фоизи ҳеч қандай рухсатсиз ишлатилаётгани маълум бўлди.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Шарқий ва Жанубий Ўзбекистон ер ости сув конлари миқёсида 18 дан ортиқ истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ер ости сувларининг тоғ ва тоғ олди ҳудудида 80 дан ортиқ маҳаллий тўпланиш майдонлари, шунингдек, галерея туридаги сув олиш иншоотини жойлаштириш режалаштирилмоқда. Мисол учун, Зарафшон ер ости сувлари конида галерея туридаги сув олиш иншоотларини жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Ҳозирги пайтда фойдаланиш захираси мавжуд бўлган 87 кон аниқланган. Барча аниқланган ва фойдаланилаётган конлар, участкалар ҳамда якка тартибдаги қудуқлар рўйхатга олинган. Айни вақтда 49 кон ва 30 майдонда 87 бурғи қудуғидан сув олинмоқда. Минерал сувларга таъсир қилувчи қудуқлар сони 95 тани ташкил қилиб, улар асосида юздан ортиқ соғломлаштириш масканлари ва 30 га яқин сув қадоқлаш корхоналари фаолият юритмоқда.

Жойларда олиб борилган қидирув-разведка ишлари ҳамда «Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти» давлат корхонаси томонидан бажарилган илмий-тадқиқотлар натижасида маъданли сувлардан турли тармоқларда кенг фойдаланишнинг имкониятлари аниқланди.

Ўзбекистон минерал хомашё базасини кенгайтириш мақсадида саноат, термал ва минерал сувлар турларининг вужудга келиши, тарқалиш қонунлари ва келажакда улардан фойдаланишни ўрганишга қаратилган илмий-методик қўлланмалар ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирги кунда қидирув-разведка ишларининг янада кенгайганлиги сабабли темир, кремний, бром ва олтингугурт минерал сувларидан кенг фойдаланиш имкониятлари ортиб бормоқда.

Ҳар қандай фаннинг самарали ривожланишини замонавий илмий технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабабли, турли махсус гидрогеологик картографик материалларни тузиш ҳамда гидрогеологик тадқиқотлар ўтказишда замонавий технологияларни самарали қўллаш, автоматик равишда дастлабки гидрогеологик ахборотларни олиш ва жараёнларни моделлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ушбу муҳим вазифаларнинг амалга оширилаётгани мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод бўлиши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалишига хизмат қилмоқда.

Нурилло Насриев, ЎзА
1 436






Все о погоде - Pogoda.uz