ЎзА Ўзбек

03.07.2018 16:08 Чоп этиш версияси

Сув таъминоти ва канализация тизимидаги муаммолар ҳал этилади

Сув таъминоти ва канализация тизимидаги муаммолар ҳал этилади
Жиззах вилояти аҳолисининг 72 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 28 фоиз аҳоли қудуқ ва булоқ сувларидан фойдаланади. 

Афсуски, марказлашган сув таъминоти тармоғига уланганлар ҳам сувдан меъёрида фойдаланмайди. Вилоят ва туман марказларидаги аксарият кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларига сув чиқмайди. Кўпчилик қишлоқларда сув маълум соатлар кесимидагина берилади, холос. 

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши сессиясида шу ва мавзуга дахлдор бошқа масалалар муҳокама қилинди. 

Қайд этилдики, оқова сувларнинг чиқарилиши, тозалаш тизимида ҳам айрим муаммолар бор. Жиззах шаҳрида аҳолининг 24 фоизи канализация тармоғидан фойдаланади. Вилоятнинг бошқа ҳудудларида бу кўрсаткич яна ҳам паст. 

Вилоят марказидаги канализация тизимининг қуввати бир кеча-кундузда 50 минг куб метр бўлиб, амалда 14 минг метр куб оқова сув ўтказмоқда. Тармоққа шаҳардаги хонадонлардан ташқари ижтимоий соҳа иншоотлари ҳамда “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарининг оқова сувлари ҳам ташланмоқда. 

1982 йилда қурилган оқова сувларни тозалаш иншооти 2012 йилда авария ҳолатига келиб қолгани туфайли тўхтатилган ва шундан буён ишламайди. Оқибатда оқова сувлар тозаланмасдан тўғридан-тўғри Улгурсой каналига ташланаётир. Бу атроф-муҳитга жиддий зарар етказиб, эпидемиологик вазиятни оғирлаштирмоқда. 

Ҳудуддаги тоза ичимлик суви, оқова сув тизимидаги аҳволни тузатиш ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Шу боис, 2018 йил 4 майда Президентимизнинг “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани тарихий аҳамиятга эга бўлди. 

Қарорга мувофиқ, 2018-2020 йилларда “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш” бўйича қиймати 448 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилади. 2018 йилнинг ўзида ушбу лойиҳани амалга оширишга давлат бюджетидан 160 миллиард сўм маблағ ажратилди. Лойиҳа доирасида бир суткада 100 минг куб метр сув тозалаш қувватига эга “Узунбулоқ” иншооти қурилади. 13 сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилиниб, диаметри 1000-400 миллиметрли 203 километр ўзи оқувчи магистраль ичимлик суви узатиш қувури қурилади. 65 қишлоқда 52 километр узунликдаги ичимлик суви тармоқлари тикланади. 

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши билан 500 мингдан ортиқ аҳоли барқарор тоза ичимлик суви билан таъминланади. Лойиҳа ҳудудидаги марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти ва санитария-эпидемиологик ҳолат яхшиланади. 

Президентимизнинг “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Жиззах шаҳрида канализация тизимини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида вилоят маркази ва қишлоқлар канализация тизимларини босқичма-босқич кенгайтириш, тозалаш иншоотини замонавий инвестицион лойиҳалар асосида қуриш ҳамда қувватларини ошириш кўзда тутилмоқда. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Солиев ва унинг ўринбосари Т.Ҳайдаров Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Жиззах шаҳрида канализация тизимини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси асосида амалга ошириладиган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берди. 

Депутатлар давлатимиз раҳбарининг ичимлик суви таъминотини талаб даражасига олиб чиқиш, Жиззах шаҳрида канализация тизимини ривожлантириш бўйича ҳужжатлари ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитини яхшилашда тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

– Ичимлик суви таъминотидаги, оқова сувларни тозалашдаги муаммолар вилоятимиз ҳаётида энг оғриқли масала бўлиб келаётган эди, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Э.Холматов. – Ушбу масалада Президент қарори қабул қилиниши вилоят аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ичимлик суви ва оқова иншоотлари барпо этиш бўйича инвестицон лойиҳалар амалга оширилиши одамларнинг турмушини яхшилашда, атроф-муҳит тозалигини сақлашда ғоят муҳимлигидан ташқари ижтимоий, иқтисодий соҳалардаги кўплаб масалаларга ечим топилишини таъминлайди. 

Муҳокама давомида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, Ўргулсой канали орқали тўғридан-тўғри Арнасой-Айдар кўлига қуйилаётган "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси канализация сувини зарарсизлантириш, оқова сувларни қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда янги инновацион технологияларни жорий этиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Депутатлар Жиззах шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини шаҳардан узоқ ҳудудга кўчиришни назарда тутувчи “Жиззах шаҳрида канализация тизимини ривожлантириш” лойиҳасини тўлиқ маъқуллади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
6 840