Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 17:38 Чоп этиш версияси

Сув – бебаҳо бойлик

«Ўзкоммунхизмат» агентлигида «Сув – бебаҳо бойлик» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда мутахассислар, ичимлик суви узатиш корхоналари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш коммунал соҳа фаолиятидаги устувор йўналишдир. Бугунги кунда шаҳар ва туман марказларида истиқомат қиладиган аҳолининг 87,5 фоизи, қишлоқ аҳолисининг 61,5 фоизи марказлашган ичимлик суви таъминотига эга. Ушбу йўналишда вилоят ичимлик суви узатиш корхоналари, уларнинг туман бўлимлари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Олис ҳудудларда яшайдиган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида вилоятлараро магистрал сув қувурлари ва минтақалараро сув узатиш тизимлари барпо этилган.

Ана шундай машаққатли меҳнат, катта сарф-харажат эвазига хонадонларга етказилаётган тоза ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, обиҳаёт исроф бўлишининг олдини олиш долзарб вазифадир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 октябрдаги «Сув таъминоти ва канализация ташкилотларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида бу борадаги долзарб вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланган. Хусусан, уй-жой фондини замонавий сув ҳисоблаш асбоблари билан жиҳозлаш белгиланган. Коммунал хизмат кўрсатиш ва ичимлик суви таъминоти ташкилотларида «биллинг» тизимини жорий этишга аҳамият қаратилмоқда.

– "Биллинг" кўрсатилган хизматларнинг ҳисоб-китобини автоматик юритиш, электрон тўловни йўлга қўйиш тизимидир, – дейди «Ўзкоммунхизмат» агентлиги бўлим бошлиғи Анвар Муҳамадалиев. – Бу ичимлик суви таъминоти учун ўз вақтида тўловларни амалга ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш имконини беради. Коммунал хизмат кўрсатиш ташкилот ва корхоналари молия муассасалари билан ҳамкорликда бу борада тизимли иш олиб бормоқда.

Матбуот анжуманида мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, обиҳаётдан рационал фойдаланишга йўналтирилган лойиҳалар хусусида маълумот берилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
4 241






Все о погоде - Pogoda.uz