Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2017 16:32 Чоп этиш версияси

Сурхондарёдаги 112 маҳаллада умуман жиноят содир этилмади

Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 9 ойида содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 514 тага камайди. 112 маҳаллада умуман жиноят юз бермади.

– Халқимизда бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади, деган мақол бор, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи инспектори, капитан Ф.Тошбоев. – Ўтказилаётган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни ана шу ҳикмат мазмун-моҳиятини теран англаб олишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу куни ташкил этилаётган очиқ мулоқот, профилактик суҳбат ва бошқа тарғибот тадбирлари фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ўзаро тинч-тотув ва ҳамжиҳат ҳаётни улуғлашига хизмат қилмоқда. Йилнинг ўтган даврида жиноят содир этиш ҳолатлари сезиларли даражада камайиб, кўплаб маҳаллаларда умуман жиноят юз бермагани ҳам бу борада амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.

Тинч-осуда ҳаёт, хотиржам-фаровон турмуш, одамлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат-иззат жиноят содир этилмаётган файзли гўшаларга қут-барака олиб келмоқда. Маҳаллалар чирой очиб, турмуши обод бўлмоқда. Қизириқ туманидаги Қорасув маҳалласи бунга яққол мисолдир.

Ҳудуднинг профилактика инспектори, лейтенант Э.Ёдгоровнинг ички ишлар органида хизмат қилаётганига атиги 2 йил бўлди. Ёш профилактика инспектори фаолият бошлаган дастлабки кунлардан хонадонларда бўлиб, одамларнинг ҳаёт тарзи билан танишди. Нотинч оилалардаги аҳвол, спиртли ичимликка ружу қўйишнинг сабаб ва омиллари, бандлик масаласини ўрганди. Муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, маҳалла осойишталигини таъминлаш чораларини белгилаб олди.

– Жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишнинг асосий омилларидан бири бу – спиртли ичимлик истеъмол қилиш, оилада моддий етишмовчилик мавжудлиги экан, – дейди лейтенант Э.Ёдгоров. – Ҳудудда бундай ҳолатларга барҳам бериш учун фаоллар, оқсоқоллар, тиббиёт ходимлари ва педагогларни жалб этишга тўғри келди. Спиртли ичимликка ружу қўйганларни аниқлаб, тиббиёт ходимлари билан бирга иш олиб бордик. Нотинч оилаларга маҳалла фаоллари, ўқитувчи аёллар ва уларнинг қавм-қариндошлари билан бирга бориб, масалани пухта ўргандик. Кенг жамоатчиликни жалб этиб, моддий ёрдам бериш чоралари кўрилди. Ичкиликка ружу қўйганларни шифокорлар кўмагида соғлом ҳаётга қайтаришга эришилди. Томорқадан унумли фойдаланиб, турли зироат етиштиришни тавсия этдик. Ёшлар ва хориждан қайтиб келаётган фуқаролар бандлигини таъминлашга эътиборни кучайтирдик. Ҳамжиҳатликдаги бу ишлар ўз самарасини бермоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида умуман жиноят юз бермаган маҳалладаги 684 хўжаликда уч минг 545 киши аҳил, ҳаётдан рози бўлиб яшамоқда. Ҳудудда 20 дан ортиқ фермер хўжалиги пахта ва ғалладан мўл ҳосил олмоқда, чорвачилик билан шуғулланаётир. Ўнга яқин тадбиркорлик субъекти савдо, умумий овқатланиш ва бошқа хизматлар кўрсатмоқда. 20 дан ортиқ хонадонда иссиқхона барпо этилиб, эртачи маҳсулот етиштириш йўлга қўйилган. Битта мактабгача таълим муассасаси, битта умуммтаълим мактаби, қишлоқ-врачлик пункти, болалар спорти иншооти ёш авлодни ҳар томонлама соғлом камолга етказишга хизмат қилмоқда.

– Профилактика инспекторининг ёшу-кекса билан тез тил топишиб, хонадонлар билан яқиндан ишлаётгани кўп ютуқларимизга омил бўлмоқда, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Т.Яхшиев. – Кам таъминланган оилаларни томорқадан унумли фойдаланишга ундагани кўплаб хонадонларнинг рўзғорини бутлаб олишида муҳим аҳамият касб этди. Натижада нотинч оилалар ўз-ўзидан барҳам топаётир. Айрим фуқаролар томорқасида фақат чорва озуқаси етиштиришга кўникиб қолган эди. Энди улар ҳам эртачи картошка, пиёз парваришламоқда. Ҳосилни йиғиб олгач, такрорий экинга ерёнғоқ, мош экиб, мўмай даромад олаётир. Турли кўкатлар етиштиришни йўлга қўймоқда. Иссиқхоналар ташкил этиб, қишин-ёзин маҳсулот парваришлашга қизиқиш ортмоқда. Шу кунларда маҳалламизда биронта ишсиз кишини учратмайсиз.

– Профилактика инспектори ҳудудда осойишталикни таъминлаш ва аҳолининг яқин ҳимоячиси, маслакдошига айланаётганида соҳа ходимларига давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди Э.Ёдгоров. – Яқинда бошқа ҳамкасбларим қатори мен ҳам хизмат уйи ва енгил автомашина билан таъминландим. Янги уйда оила аъзоларим билан бахтиёр яшаш учун барча қулайлик мавжуд. Энг муҳими, ҳудуднинг ўзида. Автомашина эса хизмат вазифамни тез ва сифатли бажаришда қулай дастёр. Қўшни Гулобод маҳалласига ҳам мен хизмат кўрсатаман. У ерда уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган даврида бу ҳудудда ҳам биронта жиноят содир этилмади. Кенг жамоатчилик билан олиб бораётган профилактик ишларимиз натижасида атиги битта нотинч оила қолди. Ҳозир шу хонадонда осойишта турмушни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 169






Все о погоде - Pogoda.uz