Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.02.2018 15:12 Чоп этиш версияси

Сурхондарёда жорий йил январь ойида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан 14 жиноий иш қўзғатилган

Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Денов туманида ўтказилган йиғилишда ана шу масала атрофлича муҳокама қилинди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Денов, Сариосиё, Олтинсой, Шўрчи туманлари фуқаролари, ҳайдовчилар, журналистлар иштирок этган тадбирда вилоятда содир этилган ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари чуқур таҳлил қилиниб, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Жабр кўрган фуқароларнинг яқин қариндошлари, мазкур жиноятларни содир этган шахслар яшаган маҳалла фаоллари, уларга автомобиль бошқаришни ўргатган мактаблар ўқитувчиларининг аянчли бу ҳолатлар бўйича фикрлари кенг жамоатчилик ўртасида тингланди.

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник У.Зоитовнинг таъкидлашича, янги йилнинг илк ойида Денов туманида тўртта, Шўрчи, Шеробод, Олтинсой, Термиз, Бойсун, Музработ, Сариосиё, Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Ангор туманларида биттадан инсон ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Мазкур ҳолатлар ҳайдовчиларнинг автоуловларни маст ҳолда бошқаргани, йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги ёки билса-да, уни қасддан қўпол равишда бузгани оқибатида содир бўлган.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 661