ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

Сурхондарёда яна бир йирик корхона ишга тушди

Сурхондарёда яна бир йирик корхона ишга тушди

Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида Термиз тумани Нурафшон маҳалласида “Сурхон-керамикс” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади. Янги корхонада керамика маҳсулотлари, кафель ва ўтга чидамли ғишт ишлаб чиқарилади.

Мамлакатимизда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда рақобатбардош, янги турдаги экспортга йўналтирилган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва ушбу маҳсулотларга бўлган ички эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу эса маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг имкониятлар яратмоқда.

Замонавий корхона шу тармоққа ихтисослашган кластернинг тўрт заводидан биридир. Бундан тўрт йил аввал Термиз туманида сифатли, арзон чинни маҳсулотлари тайёрлайдиган “Сурхон Термиз чинни” корхонаси ташкил этилган эди. Йилига 6 миллион дона чинни маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ушбу корхона Шеробод туманидаги “Жерданак” кони хом ашёсидан самарали фойдаланиб, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. 170 киши иш билан таъминланди.

Хориж ускуналари билан жиҳозланган корхонага ўтган йили хомашё етказиб бериш ва маҳсулот сифатини ошириш мақсадида “Сурхон каолин” масъулияти чекланган жамияти ишга туширилди. Хитойдан 650 минг долларлик технология олиб келиниб, йилига 20 минг тоннагача каолинни бойитиш йўлга қўйилди.

Шундан сўнг, чинни маҳсулотларни ўраш, қадоқлаш учун қоғоз ва қутилар ишлаб чиқариш зарурати туғилди. Шу мақсадда йил бошида “Сурхон қоғоз қайта ишлаш” масъулияти чекланган жамияти ишга туширилди.

“Сурхон-керамикс” корхонаси мамлакатимиз бозорини керамика маҳсулотлари, кафель ва ўтга чидамли ғишт билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Қиймати 75 миллиард сўм бўлган бу лойиҳа учун бўш ётган бино ажратилган эди. Хитойнинг Haloon co ltd. компанияси линияси ўрнатилиб, йилига 10 минг тонна ўтга чидамли ғишт ва плиткалар, 180 минг квадрат метр турли рангдаги майолика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилди.
“Алоқа банк” кўмагида бунёд этилган корхонада 150 киши иш билан таъминланган. Йилига 4,3 миллион доллар миқдоридаги импорт ўрнини қоплайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ғишт ва плиткалар 1 минг 600 градус ҳароратгача чидамли, пардозбоп керамикалар узоқ йиллар рангини йўқотмайди.

Яна бир афзаллиги корхонада ўрнатилган техника ва ускуналар энергия тежамкор. Яъни ушбу корхона бошқа муқобилларига нисбатан энергияни 10, 15 фоиз кам сарфлайди. Корхона маҳсулотларидан фойдаланиш шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини янада кўркамлаштиришга хизмат қилади.
Корхона маҳсулотлари асосан тоғ-кон металлургия, цемент, металл, шиша ва чинни ишлаб чиқариш ҳамда тарихий обидаларни таъмирлашда ишлатилади.

Албатта, амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар юртимиз қурилиш материаллари саноатини янги босқичга олиб чиқиши баробарида маҳаллий корхоналарни бугунги талаб ва эҳтиёжига монанд фаолият кўрсатишга ундайди.

7.JPG

14.JPG

27.JPG

23.JPG

1 373
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА