Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2018 17:11 Чоп этиш версияси

Судларда очиқлик, тезкорлик ва одилликни таъминлашнинг янги услуби

Судларда очиқлик, тезкорликни таъминлаш, аҳолининг одил судлов имкониятларидан фойдаланиш даражасини ошириш ҳамда соҳада ортиқча оворагарчиликлар, бюрократик тўсиқларга барҳам беришга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 августдаги "Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ана шу мақсадлар кўзда тутилган.

Хўш, қарор ижросини таъминлаш борасида суд тизимида қандай ишлар амалга оширилди?

Олий суд матбуот хизматидан маълум қилишларича, судлар фаолиятига видеоконференцалоқа режимида ишларни кўриш амалиёти кенг жорий этилмоқда.

Бу тизимнинг моҳияти шундаки, суд мажлисига бошқа ҳудудда жойлашган иштирокчиларнинг бевосита келиши шарт эмас. Фақат улар ўзлари яшайдиган жойдаги суд биносига келади. Икки ҳудудда, масалан, Тошкент ва Бухоро шаҳарларидаги суд биноларига ўрнатилган видеоконференцалоқа тизими орқали томонлар мулоқотга киришиш имконига эга бўлади. Бу ортиқча вақт йўқотиш, сарф-харажат қилишнинг олдини олмоқда.

Видеоконференцалоқа тизими айни пайтда жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларда жорий этилган. 55 суд мажлиси ушбу тизим орқали кўриб чиқилди. 249 нафар суд иштирокчиси ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда суд жараёнида қатнашди.

Мисол учун, фуқаро К.Ҳамидов Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 159, 244-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Унинг ҳимоячиси Х.Шомуродова маҳкумга нисбатан оғир жазо тайинлангани, судланганнинг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳам унга тайинланган жазони енгиллаштириш масаласида илтимоснома берганлиги тўғрисида Олий судга назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилган.

Мазкур мурожаатда айни пайтда маҳкум Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида экани, унинг яқинлари Самарқанд вилоятида истиқомат қилишини ҳисобга олиб, суд жараёнини видеоконференцалоқа орқали кўриб чиқишни сўраган.

Шу сабабли Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати адвокат мурожаати юзасидан белгиланган суд мажлисини уч томонлама видеоконференцалоқа тизими орқали кўриб чиқди. Яъни суд жараёни Тошкент, Самарқанд ва Навоийдаги суд биноларида ташкил этилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди биносида ҳимоячи Х.Шомуродова, К.Ҳамидовнинг оила аъзолари ҳамда у истиқомат қилган маҳалла фаоллари, Навоий вилояти суди биносида маҳкум К.Ҳамидов иштирок этди.

Суд мажлисида К.Ҳамидов айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, 2-гуруҳ ногирони эканлиги, муқаддам судланмаганлиги, жиноятдаги иштирокчилик даражаси, оилавий аҳволи, олти нафар фарзанди борлиги сабабли енгиллик сўради.

Шунингдек, у яшаган Ургут тумани “Қуйи-Алгар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва бошқа фаоллар К.Ҳамидов тузалиш йўлига ўтгани, унинг ёшини, оилавий аҳволини, биринчи марта судланишини эътиборга олиб, унга тайинланган жазони енгиллаштиришни сўради.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, К.Ҳамидовга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўзгартиришни лозим, деб топди. Маҳкумга тайинланган 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолда 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига камайтириш ҳақида суд қарори қабул қилинди.

Аввал мана шундай ишни судда кўриб чиқиш учун юқорида тилга олинган шахслар, маҳкумнинг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши талаб қилинарди. Маҳкум айбидан қанчалик пушаймон бўлмасин, жазо муддати қисқариши ҳам бироз қийин масала эди. Шу жиҳатдан бугун суд тизимидаги ислоҳотлар, жорий этилаётган замонавий имкониятлар қанчалик самара бераётганини кўриш мумкин. 

Норгул Абдураимова, ЎзА
5 310