Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2018 19:20 Чоп этиш версияси

Судлар томонидан брифинг ўтказилди

Тошкент вилояти Жиноят, Фуқаролик, Маъмурий ва Иқтисодий судлари ҳамкорлигида журналистлар учун брифинг ўтказилди.

Президентимизнинг жорий йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармонига мувофиқ судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказилиши белгиланган.

Мазкур фармон ижроси юзасидан Жиноят ишлари бўйича вилоят судида илк бор ташкил этилган анжуманда вилоят судлари томонидан жорий йил биринчи ярмида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман, шаҳар судлари томонидан жорий йилнинг 6 ойида 3 минг 448 шахсга нисбатан 2 минг 667 жиноят иши кўрилиб, тамомланган. Улар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,3 фоизга, шахслар сони эса 33,8 фоизга камайган.

534 та жиноят иши тарафлар ярашгани муносабати билан тугатилиб, 25 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми ва ажрим чиқарилган. Судланган шахсларнинг 696 нафарига озодликни чеклаш, 1 нафарига умрбод озодликдан маҳрум қилиш, 312 нафарига жарима ва 778 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Вилоятда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан порахўрлик 60 фоизга, босқинчилик 51,4 фоизга, фирибгарлик 41,9 фоизга, қасддан одам ўлдириш 14,9 фоизга камайган бўлса, валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш жинояти 133,3 фоизга, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш жинояти учун судланганлик 16,5 фоизга ошган.

– Шу даврда 12 минг 769 фуқаролик иши кўриб, тамомланди, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят суди раиси Олимжон Исмоилов. – Улардан 10 минг 581 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган бўлиб, 8 минг 841 даъво қаноатлантирилган. Шунингдек, 1 минг 141 иш даъвогар талабидан воз кечгани, тарафлар келишув битимини тузгани, эр-хотин ярашгани каби сабаблар билан тугатилган.

Вилоят ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан 580 миллиард 835 миллион сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Иқтисодий судлар томонидан кўрилган 19 минг 228 ишнинг 58,8 фоизи сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган.

Аваз Худойқулов, ЎзА
3 458