Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.09.2017 16:30 Чоп этиш версияси

Суд-ҳуқуқ соҳасини ёритишда билимингиз етарлими?

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан «Журналистларнинг суд-ҳуқуқ соҳасини ёритиш ва журналист суриштирувини ўтказишга оид касбий малакаларини ошириш» мавзуида ўқув-семинар ташкил этилди.

Миллий матбуотда суд жараёнларини ёритиш талаб даражасидами? Журналистлар юридик атамалар ва соҳа билан боғлиқ бошқа тушунчаларни етарли даражада ўзлаштира олганми? Семинарда шу каби масалалар таҳлил этилди.

Таъкидланганидек, мустақил суд ҳокимияти ва эркин ОАВ жамиятни ижтимоий тараққиёт сари йўналтирувчи асосий кучлардан ҳисобланади. Шу сабабли судлар ва фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ОАВ ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг изчил амалга оширилиши мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг самарадорлигига хизмат қилади.

Мамлакатимиздаги марказий ва ҳудудий нашрлар, теле ва радиоканаллар орқали ҳуқуқий мавзудаги кўрсатувлар, таҳлилий материаллар сифати кун сайин ортиб, суд-ҳуқуқ масалаларини ёритишга ихтисослашган журналистлар шакллана бошлади. Давлат ва хусусий телерадиокомпанияларда, шунингдек, босма ОАВда «Жиноят ва жазо», «Суд залидан репортаж», «Ҳимоя», «Жараён» каби махсус рукнлар ташкил этилиб, суд жараёнларидан тайёрланган хабар, репортаж, очерк, мақола, журналист суриштируви ва интервьюлар бериб борилмоқда.

Семинар давомида судлардан ахборот олиш ва тарқатиш, суд жараёнларини ёритиш борасида журналистлар дуч келаётган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Журналист юридик термин ва ибораларни, процессуал қонун меъёрларини нафақат тўғри қўллаши, ўзлаштириши, шу билан бирга ҳуқуқий маърифат тарғиботчиси сифатида мазкур тушунчаларни кенг жамоатчиликка тушунарли тарзда етказиши зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ва жаҳон матбуотида суд жараёнларини ёритиш муаммолари қиёсий таҳлил этилди. Ушбу масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, иштирокчиларга тавсиялар берилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 735






Все о погоде - Pogoda.uz