Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 16:30 Чоп этиш версияси

Суд-ҳуқуқ соҳаси тадқиқотига оид янги тўплам нашрдан чиқди

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ўзининг бой тарихига таяниб, порлоқ истиқболини қураётган давлат, ҳамжиҳат халқ, энг тез ривожланаётган мамлакат сифатида дунёга танилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган, ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар, амалий саъй-ҳаракатлар янги тараққиёт марраларини эгаллаш, замон шиддатига мос тарзда ривожланиш, халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан ғоят катта аҳамият касб этаётир. Бу нафақат халқимиз, балки жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширди. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ижросида қонун устуворлигини ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Айнан шу жиҳатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” тўпламида тўлиқ ифодасини топди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамкорлигида тайёрланган мақолалар тўплами Конституция куни арафасида нашрдан чиқарилди.

Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил этилган мазкур тўплам тақдимотида Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгилангани алоҳида қайд этилди.

– Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар моҳияти тўпламдан ўрин олган элликдан ортиқ муаллиф мақолалари орқали очиб берилган, – дейди тўплам масъул муҳаррири, юридик фанлари доктори, профессор Музаффар Мамасиддиқов. – Ҳаракатлар стартегиясининг айнан қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил этилган бундай китоб илк бор нашр этилди.

Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий ўқув курсларининг профессор-ўқитувчилари, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти илмий ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ходимлари, тадқиқотчилар, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари ҳамда бошқа ҳуқуқшунос мутахассислари қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини илмий-назарий ва амалий жиҳатдан чуқур тадқиқ этган.

Тўплам ҳуқуқшунослар, ҳуқуқшунослик йўналишидаги олий ўқув юртлари талабалари ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Норгул Абдураимова, ЎзА
1 364






Все о погоде - Pogoda.uz