Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.11.2017 20:56 Чоп этиш версияси

Суд тизими такомиллашмоқда

Хоразмда "Замонавий суд-ҳуқуқ тизими: ислоҳот ва қонунчилик, кадрлар салоҳияти, одоб-ахлоқи ва судьяликка номзодлар захирасини шакллантиришнинг долзарб масалалари" мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар раислари, раис ўринбосарлари, судьялари, судьяликка номзодлар, тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари, адвокатлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини юксалтириш, судларнинг чинакам мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Айниқса, суд ҳокимияти тармоғини ислоҳ қилиш ва либераллаштириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири экани, мазкур йўналиш бўйича амалий аҳамиятга эга чора-тадбирлар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида ўз ифодасини топгани қайд этилди.

Семинарда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар замонавий, адолатли ва демократик суд тизимини яратишда энг муҳим омиллар, коррупцияга қарши курашишда Ўзбекистон ва хориж тажрибаси, соҳа ходимларининг намунали одоб-ахлоқи, судлар обрўси ва нуфузини оширишнинг муҳим шартлари мавзуларида маърузалар тингланди.

– Бундай тадбирлар биз, судьялар учун жуда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Хива тумани маъмурий суди раиси Дилмурод Юсупов. – Тадбир давомида янги қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни маъмурий ишлар бўйича судлар амалиётига тўғри татбиқ қилиш билан боғлиқ тавсиялар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини тубдан яхшилаш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасидаги ишлар ва келгуси вазифалар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда вилоятда судьялар ва суд ходимлари захирасини шакллантиришнинг бугунги талабларига янгича ёндашиш ҳамда замонавий судлов корпусини яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
2 769






Все о погоде - Pogoda.uz