Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2017 19:28 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда спортчи қизларга байрам туҳфалари топширилди

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан пойтахтимиздаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг спорт билан мунтазам шуғулланаётган ўқувчи-қизларига спорт кийимлари тантанали топширилмоқда.

Мирзо Улуғбек туманида ташкил этилган ана шундай тадбирда мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, бу жараёнда қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга доимий эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга қаратилган.

Қизлар учун юқори сифатли, миллий ва замонавий услублар уйғунлашган спорт кийимлари тайёрлаш йўлга қўйилгани уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан пойтахтимиздаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган 12 минг 800 дан зиёд қизга спорт кийимлари топшириш режалаштирилган.

– Туманимизда 1300 дан зиёд қизга ана шундай спорт кийимлари топширилди, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Мирзо Улуғбек тумани вакили Д.Қурбонов. – Бу либослар ўқувчиларимизнинг спортга бўлган иштиёқини янада оширишга, уларнинг соғлом бўлиб улғайишига хизмат қилади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
2 670






Все о погоде - Pogoda.uz