ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

“Сонлар эмас, одамлар гапирганда...”

“Сонлар эмас, одамлар гапирганда...”

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шу ном остида янги лойиҳага қўл урди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар беради.

Унда таъкидланганидек, вазирлик аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ишсиз аёлларни иш фаолиятига жалб этиш йўлида қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Ҳунар эгаллаш ниятидаги хотин-қизлар касбга ўқитиляпти, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганлар учун субсидиялар, Бандликка кўмаклашиш Давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар тақдим этилмоқда.

– Сонлар, статистикалар бир томон. Бандлик ва меҳнат муносабатлари Матбуот хизмати “Сонлар эмас, одамлар гапирганда...” рукни остида мана шундай хотин-қизлар ҳақида маълумот беради, уларнинг фаолиятига назар ташлайди, – дейилади хабарда.

Вазирлик янги лойиҳанинг дастлабки қаҳрамони билан таништиришга ҳам улгурди. У хоразмлик Сопоргул Қодирова – “FAYZBEK LOBAR” хусусий корхонаси раҳбари.

Қайд этилишича, тадбиркор аёл Бандликка кўмаклашиш Давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 150 миллион сўм кредит олиб, ўз фаолиятини бошлаган. У туячилик билан машғул.

Сопоргул Қодирова айтишича, туялар харид қилинган пайтда уларнинг вазни 200–250 килограмм бўлган. Ҳозир эса 450 килограммга етибди. Улардан кунига 300–350 минг сўм, ойига 9–10 миллион сўм даромад олиш мумкин экан. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Матбуот хизматига кўра, ушбу ишбилармон аёл келажакда туяларни янада кўпайтириш ниятида. Туя сути ва жунини қайта ишлашни йўлга қўймоқчи.

1 060
ЎзА