ЎзА Ўзбек

11.09.2018 18:08 Чоп этиш версияси

Солиқ сиёсатида нималар ўзгармоқда?

Солиқ сиёсатида нималар ўзгармоқда?
Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони, солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Мусаев бошчилигидаги тарғибот гуруҳи Сурхондарё вилоятида соҳа ходимлари, тадбиркорлар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Термиз шаҳрида вилоят давлат солиқ хизмати органлари шахсий таркиби билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимиз солиқ тизимидаги ўзгариш ва янгиликлар, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, солиқ йиғилувчанлиги даражасини оширишга таъсир қилаётган асосий омиллар, “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажаришда соҳа ходимларининг масъулияти каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан солиқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларга барҳам бериш, солиқ йиғилувчанлиги даражасини оширишда муҳим омил бўлаётир. Шунга мувофиқ, учрашувда бу борада дуч келинаётган муаммоларга чек қўйиб, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқ йиғилувчанлигининг оширилишини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида сўз борди.

Сурхондарё вилоятида 20 минг 500 тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Улар тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, қурилиш, турли хизматлар кўрсатиш ва бошқа тармоқларни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётир.

6 (1).jpg

Узун, Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Жарқўрғон туманларидан келган тадбиркорлар иштирокида Қумқўрғонда ўтказилган учрашувда солиқ ислоҳотлари Концепциясига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан солиқ солиш тартибига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берилди. Жойлардаги ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига тўсиқ бўлаётган муаммолар таҳлил қилинди.

– Мазкур тадбир солиқ тўловчиларга соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, солиқ тўлаш маданиятини янада ошириш мақсадида ўтказилмоқда, – дейди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Б.Исмоилов. – Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммоларни ўрганиб, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишда уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилмоқда.

Вилоят марказида бўлиб ўтган тадбирда Термиз шаҳри, Бойсун, Шеробод, Қизириқ, Музработ, Ангор ва Термиз туманлари тадбиркорлари қатнашди.

– Корхонамизда 100 га яқин ишчи-ходим меҳнат қилади, – дейди “Сурхон Термиз Чинни” МЧЖ ҳисобчиси Н.Эшқобилова. – Учрашувда солиқ юкини камайтириш бўйича берилаётган енгилликларни тинглар эканман, корхонамиз мисолида ҳисоб-китоб қилиб кўрдим. Жумладан, жорий йилнинг олти ойида жамоамиз иш ҳақидан 31,7 миллион сўм суғурта бадали ҳисобланган. Келгуси йил биргина суғурта бадалининг бекор қилиниши натижасида ишчи-ходимлар ихтиёрида 70 миллион сўм қолиши кутилмоқда. Демак, бир йилда ҳар бир ходимнинг даромади 1 миллион сўмга ошади. Солиқ солиш тартибига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, келгусида яна 100 га яқин янги иш ўрни барпо этамиз.

Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар халқимиз манфаатини таъминлаш, инсофли солиқ тўловчилар сафини кенгайтириш, мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини ва халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Хусусан, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йил 1 январдан айрим турдаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бекор қилиниши, солиқ ставкаларининг пасайиши келгуси йил вилоятда 270 миллиард сўм маблағни тадбиркорлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида қолдириш имконини беради. Табиийки, бу эл-юрт фаровонлиги учун хизмат қилади.

Очиқ мулоқотларда солиқ тўловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
8 173