Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 18:59 Чоп этиш версияси

Соғлом ҳаётга қадам ҳавасдан бошланади

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болага қуруқ гап билан насиҳат қилиб бўлмайди. Унинг жисмонан соғлом, ақлан етук ва иқтидорли бўлишини истасангиз жонли мисоллар – спортда, санъатда, илм-фанда яхши натижаларга эришаётган тенгдошлари ибратини ҳам кўрсатинг. «Қовун қовундан ранг олибди» деганларидек, дилбандингиз ҳар соҳада ютуқларни кўлга киритаётган дўстларига ҳавас қилиб, ижобий томонга ўзгара бошлайди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида амалга оширилаётган “Соғлом келажак учун” лойиҳаси доирасида ташкил этилган навбатдаги тадбирда таълим-тарбиянинг ана шундай таъсирчан усулида ёшларга соғлом турмуш тарзи тарғиб қилинди.

Миробод тумани халқ таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли «Баркамол авлод» болалар марказида ўтказилган тадбирга туманнинг 125-умумтаълим мактаби ўқувчилари, педагог-ўқитувчилар, ота-оналар таклиф этилди. Йиғилганларга Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг марказий кенгаши ижроия қўмитаси матбуот гуруҳи координатори Мухтасар Ибрагимова «Соғлом келажак учун» лойиҳасининг мақсад ва вазифаларини қизиқарли тарзда тушунтириб берди.

«Баркамол авлод» болалар марказининг истеъдодли ўғил-қизлари санъат, спорт, ҳунармандлик борасидаги маҳоратини намойиш этди. Айниқса «Шаҳризода», «Зебо» рақс дасталари, гимнастикачи қизларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди. Фарғонача, хоразмча рақслари билан ҳамманинг ҳавасини келтирган ёш раққосалар орасида кулча юзли, кулгичлари ярашган қизалоқ эътиборимизни тортди. Унинг рақс ҳаракатлари ўзига хос, жуда гўзал, иқтидори яққол сезилиб турибди.

– Бу қизгинамиз Мадина Усмонжонова бўлади, – дейди Миробод тумани «Баркамол авлод» болалар маркази мутахассиси Гулчеҳра Муслимова. – Мадина мамлакатимиз миқёсидаги ижодий кўрик-танловлар, рақс фестивалларида фаол қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Масканимизнинг ўзида ва тумандаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган санъат, ҳунар, чет тиллари, техник моделлаштириш каби йўналишлардаги тўгаракларимизда 480 дан зиёд ўғил-қиз дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказмоқда. Моҳир педагоглар, малакали мутахассислар, қўли гул ҳунармандлар уларга бош-қош. Улар орасида Мадинадек иқтидорли ёшлар кўп.

Интерфаол ўйинлар ўтказилди. «Ҳикматли сўзлар» беллашувида иштирокчилар Ватанни севиб-ардоқлаш, табиатни асраб-авайлаш, мардлик ва жасурлик ҳақида кўплаб мақолларни ёд олганини намоён қилди.

Тадбирнинг энг фаол иштирокчилари фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
2 474






Все о погоде - Pogoda.uz