ЎзА Ўзбек

10.09.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Соғлиғимиз ўз қўлимизда

Мамлакатимизда "Саломатликни тарғиб қилиш кунлари" муваффақиятли ўтказилди.

Аҳолининг тиббий билимини юксалтириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳар бир инсоннинг ўзи ва яқинлари саломатлиги учун масъуллигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Саломатликни тарғиб қилиш кунлари” ташкил этилди.

Айтиш жоизки, “касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал”, деган тамойил кейинги йилларда тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Ташкил этилган мазкур тадбир ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида эришилаётган ютуқларни халқимизга кенг тарғиб этиш баробарида, замонавий тиббий имкониятлардан одамларнинг баҳрамандлигини оширишда муҳим қадам бўлмоқда. Ушбу тиббий-ижтимоий акция пойтахтимиз ва вилоятлардаги маданият ва истироҳат боғларида муваффақиятли ўтказилди. Маданият масканларига ҳордиқ чиқариш ва сайр қилиш мақсадида ташриф буюрган одамлар боғларда ташкил этилган тиббиёт павильонларига таклиф этилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этилди.

Ҳамюртларимиз саломатлигини кўрикдан ўтказиш учун пойтахтимиздаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва вилоятлардаги етакчи тиббиёт муассасаларининг мутахассислари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, малакали шифокорлар жалб этилгани халқимиз учун яна бир қулайликдир. Хусусан, аҳоли хирургия, неврология, урология, кардиология, травматология, педиатрия, акушер-гинекология, офтальмология каби соҳаларда фаолият юритаётган олимлар ва етук мутахассислар кўригидан ўтиш имконига эга бўлди. Тиббий кўрикни халқаро андозалар бўйича ташкил этиш учун павильонлар УТТ, ЭКГ каби замонавий ускуна ва лаборатория таҳлил воситалари билан жиҳозлангани эътиборга молик.

Шунингдек, олимлар ва малакали шифокорлардан тузилган кўчма бригадалар чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиб, улар хонадонларига ташриф буюрди. Тиббий кўриклар натижасида стационар даволанишга муҳтож деб топилганларни тегишли тартибда туман, шаҳар, вилоят ва республика тиббиёт муассасаларида соғломлаштириш режалаштирилган.

Н.Усмонова, ЎзА
3 404