Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.12.2017 16:12 Чоп этиш версияси

Сиз ҳам оилангизда кутубхона ташкил этганмисиз?

Бир танишимнинг уйида меҳмон бўлдим. Жавонда батартиб тизилган китобларни кўриб, рости, ҳавасим келди. Лекин, у бу ноёб китобларни шунчаки безак учун қўйганини билиб, афсусландим.

«Мен ўзимдаги ҳамма яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман», деган эди машҳур ёзувчилардан бири. Яхши китоб ўқиш маърифатли бир инсон билан ҳамсуҳбат бўлишга ўхшайди. Яхши китоб – мисли хазина. Ушбу хазинанинг калити, яъни китобга меҳр уйғотиш, мутолаа маданияти оиладан бошланади. Бизнинг менталитетимизга хос қадриятлардан бири болалигимизда бобо-бувиларимиз бир-биридан қизиқ эртагу афсоналар айтиб берар эди. Биз шуларни эшитиб, ўқиб, китоб қаҳрамонларига чин ҳавас билан улғайдик. Бугун ҳам орамизда китобга ошно оилалар кўп.

Фарғона шаҳрининг Аҳмад Фарғоний номидаги маҳалласида умргузаронлик қилаётган Собиржон Сиддиқов оиласини зиёли ва китобхон оила сифатида билишади. Фарғона давлат университетининг жисмоний маданият ва услубиёти кафедраси доценти, биология фанлари номзоди С.Сиддиқов умр йўлдоши, фахрий муаллима Гулнора опа билан турли китоблар, илмий рисола, газета ва журналлар тўпламидан иборат мўъжазгина кутубхона ташкил қилган.

Бугун бу кутубхонада 3 мингдан зиёд китоб бор. Маҳаллада ўтадиган турли маънавий-маърифий тадбирларда оила кутубхонасида сақланаётган китоблар кўргазмасини ташкил этиш анъанага айланган.

– Китоб инсон тафаккури ва дунёқарашини шакллантиришда алоҳида аҳамият касб этади, – дейди Собиржон ака. – Чунки китоб мутолааси ёшларнинг сўз бойлиги, фикрлаш ва нутқ маданиятини оширишга хизмат қилади, хотирани мустаҳкамлаш, мулоҳаза, мушоҳада юритишга чорлайди. Шу боис ҳар бир маҳаллада кутубхоналар фаолияти ва китоб савдосини тизимли йўлга қўйиш бугунги кун талабидир. Қолаверса, оилада китобхонлик маданиятини тўғри йўлга қўйишда, аввало, катталар ўрнак, ибрат бўлиши керак. Оиламизда ҳафтанинг ҳар шанбаси мутолаа куни сифатида белгиланган. Шу куни ҳафта давомида ўқилган бадиий китоблар, илмий адабиётлар, газета ва журналлар ҳақида ўзига хос мунозара бўлади. Биздан узоқроқда яшаётган фарзанд ва набираларимиз билан телефон орқали бўлса-да, бу ҳақда суҳбатлашамиз, фанларни ўзлаштириши билан қизиқамиз, маслаҳат, йўл-йўриқ кўрсатамиз. Китобни сақлаш, таъмирлаш қоидалари ҳақида ҳам маслаҳат берамиз.

Бу оилада ўқилган китоблардаги ибратли фикрлар, қизиқарли маълумотлар асосида «Дурдона сўзлар» тўплами яратилган. Китоб жавонидан ўрин олган сара китобларнинг мазмун-мундарижаси ушбу рисолада қисқача акс этган. Шу боис кутубхонага китобсевар ёшлар, турли соҳаларда илмий изланиш олиб бораётган талабалар ҳам тез-тез келиб туришади.

– Бундай китобсевар оилалар бизда жуда кўп, – дейди маҳалла раиси Мунисхон Аҳмедова. – Маҳалламизда 26 нафар илм-фан соҳаси вакиллари, 60 дан зиёд устоз ва мураббийлар бор. Шу боис ҳар бир оилада китоб мутолаасига алоҳида эътибор билан қаралади. Айни кунда фуқаролар йиғинимизнинг ўзида кутубхона ташкил этиш ишлари бошланган. Бундан ташқари, ҳар бир учрашув ва турли байрам тадбирларида «Энг яхши совға – китоб», «Китобхон оила», «Энг ёш китобхон», «Энг кўп китоб сотиб олган ота-она», «Мен ўқиган китоб» каби мавзуларда танловлар ташкил этилиб, ғолиб ва фаол иштирокчилар рағбатлантириб борилади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Тўғри, айни пайтда ахборот технологиялари жадал ривожланиб бораётгани сабабли китоб ўқийдиганлар сони камайиб кетяпти, дегувчилар ҳам кўп. Бугунги кунда интернет орқали дунёнинг исталган нуқтасида юз берган воқеа-ҳодиса ҳақида саноқли сонияларда маълумот олиш имконияти мавжуд. Айрим олимларнинг фикрича, бундай тезкорлик адабий асарлар мутолаасига нисбатан қизиқишни сусайтирмоқда. Бироқ, ривожланган давлатларда олиб борилган илмий тадқиқотлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Яъни, бу мамлакатларда дунёни ўргимчак тўридек ўраб олган интернетдан фойдаланувчилар сони қанчалик ошаётган бўлса, китоб сотиб олиш ва ўқиш ҳам шунга мутаносиб равишда ўсаяпти экан. Масалан, Германияда йилига 80 минг номдаги китоб нашр қилинади.

Китоб – энг яхши дўст. Сиз ҳам оилангизда кутубхона ташкил этиб, шундай дўст орттиринг.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
4 022