ЎзА Ўзбек

06.02.2018 16:53 Чоп этиш версияси

Сиёсий ҳозиржавоб аёллар

«Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида «Ёшлик» талабалар шаҳарчасидан Нодира Сайдуллаева биринчи ўринни эгаллади. Мирзо Улуғбек туманидан Наргиза Убайдуллаева иккинчи, Бектемир тумани вакили Юлдуз Маҳмудазимова учинчи ўринга лойиқ топилди.

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда туман кенгашлари масъул ходимлари ва фаоллари, маданият, санъат соҳаси вакиллари қатнашди.

Партия аъзоларининг 48 фоизи хотин-қизлардан иборат. Улар орасида фан, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари вакиллари кўпчиликни ташкил қилади.

Мазкур кўрик-танлов мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда ўз имкониятларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Танловнинг шаҳар босқичида туманларда ғолибликни қўлга киритган 12 хотин-қиз қатнашди.

Иштирокчилар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хотин-қизлар учун барқарор иш ўринлари яратиш, оилавий тадбиркорлик кўникмаларини оширишга қаратилган лойиҳаларини тақдим этди. “Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир” деб номланган шартда қатнашувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари бўйича билимлари синовдан ўтказилди. “Сиёсий ҳозиржавоблик” шартида сиёсий билими, нотиқлик маҳорати баҳоланди.

Нодира Сайдуллаева кўрик-танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ғолибларга диплом ҳамда совғалар топширилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
14 553