Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.01.2018 21:30 Чоп этиш версияси

Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева номидаги кутубхона ёхуд ёнаётган шамнинг осойишталиги хусусида

Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева номидаги кутубхона ёхуд ёнаётган  шамнинг осойишталиги хусусида
Адабиёт

Дориломон кунлар келди, шафақлари ол

Бу сатрлар 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида, деҳқон оиласида туғилган Ҳалима Худойбердиевага тегишли бўлиб, ҳаёт ҳақиқатини борича бўямай тасвирлаш шоира ҳаётининг, ижодини бош тамойилга айланган эди. 

“Муқаддас аёл”... Бу шеъри сатрларини ўзича хиргойи қилмаган ёки қўшиғини эшитмаган бирор бир ўзбек топилмайди назаримда. Қўшиқ сўзлари шу қадар содда, шу қадар халқчил ва шу қадар кўнгилга яқинки, у тилдан-тилга ўтиб, юраклар кириб борган. Сўзнинг сеҳри, шоирнинг меҳнати, бедор ўтказган тунларининг ҳақи бу.

Ана шундай гўзал сатрлар соҳибаси Ҳалима Худойбердиева ўзбек санъати ва адабиётини ривожлантириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшгани, кўп йиллик самарали ижодий фаолияти ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди.

Агар шоира ижодини кузатадиган бўлсак, унинг шеърларининг мавзу ва маъно кўлами ниҳоятда кенг ва чуқур бўлиб, гўдак, аёл, ота-она, ватан мавзулари устуворлик қилади. Шеър руҳи лаҳзада сизни забт этади. Эҳтиросларнинг гувлаб, тошиб келган оқими қаърига тортиб кетади. Сўзлар алланечук жонли-жисмли туйғуларнинг тиғиз сафидек, уларни ёриб ўтгудек куч-қудрат йўқ, беихтиёр сиз ҳам ана шу оқим қаърида қолганингизни ҳис қиласиз. 

Ҳалима Худойбердиева ўрта мактабдан сўнг 1968-1972 йилларда Тошкент Давлат университетида таълим олди. Сўнгра «Саодат» журналида аввал бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари ва кейинчалик бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди. 1975-1977 йилларда Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олди.

1978-1982 йилларда «Ёш гвардия» (ҳозирги «Янги аср авлоди») нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилди. 1995-1996 йилларда «Ёзувчи» нашриётида етакчи мутахассис ва «Гулистон» журналида адабиёт бўлимини бошқарди. У турли лавозимларда фаолият юритсада бир дақиқа бўлсада, шеъриятдан узоқлашмади.

Натижада 60-йиллардан буён йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар яратди. Унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» (1991), «Ҳурлик ўти» (1993), «Бу кунларга етганлар бор» (1994), «Тўмариснинг айтгани» (1996) каби шеърий, насрий мажмуалари кенг китобхон оммасининг маънавий мулкига айланган. 

У таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилмоқда. Унинг Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов асарларидан қилган таржималари эътиборлидир. Ҳалима Худойбердиева маҳоратли публицист ҳамдир. Унинг “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилади.

Ҳалима Худойбердиева «Муқаддас аёл» (1990) номли шеърий тўплами учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 1992 йилда эса унга «Ўзбекистон халқ шоири» деган юксак унвон берилган эди. 

Ҳалима Худойбердиева эндигина ижодга кириб келган йилларда адабиётнинг катта билимдони, «Ўзбек шоиралари» китобини нашр эттириб кўп савоб ишга қўл урган Тўхтасин Жалолов унинг шеърлари хусусида «Туйғулар туғёни» сарлавҳали мақолада шундай деган экан: «Ҳалима ўзбек аёл шеъриятида кутилмаган ҳодиса, унгача бу санъат кошонасида қандайдир сукунат, осудалик ҳукм суриб, кишини мудроқ босарди. Ҳалима бу даргоҳга бўрон бўлиб, сурон бўлиб кириб келди-да, тўлиқиб, ошиқиб, тошиқиб баланд пардаларда қўшиқ бошлади. 

Мен шунчаки ўйлагим келмас, 
Хаёл – шароб мисол қилсин сархуш, маст. 
Мен шунчаки куйлагим келмас, 
Овоз пардаларим чидаб берса бас.»

Мазкур сатрлар, шиддаткор шеър гўёки шоиранинг ижодий, ахлоқий, инсоний ўзига хос дастури бўлиб туюлади. Бу шеър тўлиғича олганда туйғуларнинг туғёни, жасоратнинг намойишидир. Ҳа, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор!

Шоиранинг бу кунларга етиб келгунча бошидан нималар ўтгани, бу изтиробларнинг сатрлардаги акси ва янги китоби – «Осойишта шам» ҳақида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдуҳолиқ Абдураззоқов ўз мулоҳазаларини сатрларга жойлаб, сайтимиз ўқувчиларга илинди.


Ҳалима Худойбердиева воқеаси

“Шарқ зиёкори” китоб дўконининг “Янги китоблар” бўлимида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг “Осойишта шам” китобини кўриб юрагим ҳаприқиб кетди. 

Нега шам? Ахир шам!.. Юрагимга она арслон қўйган ин, 
...Мен таслим бўлмай туриб, сўрмалаб, 
Қонимизни ичадиган маст йўқдир. 
Она арслон ўлмай туриб, ўрмалаб 
Бу ўрмонга кирадиган кас йўқдир,

деб мардона шеърлар ёзган, ўзбек шеърияти осмонига “Боинг” каби тикка кўтарилган, бизнинг назаримизда унча-мунча бўронларга-да бўй бермайдиган Ҳалима опамизни наҳот замоннинг баттол кучлари осойишта шам каби ёнишга мажбурлаган бўлса! Чунки, ижодкорнинг “МЕН”и унинг ҳаётидан айрича яшамайди. Боёвутликлар, айниқса, Ҳалима Худойбердиева туғилиб ўсган “Олмазор” қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси шоиранинг китобларини унинг ҳаёти билан боғлаб ўқишади ва уқишади. Бу одат менга ҳам бегона эмас. “Осойишта шам”ни варақлар эканман ҳаётимдаги Ҳалима опа билан боғлиқ воқеалар қайтадан жонлана бошлади...

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидаёқ Ҳалима Худойбердиева илк шеърлари билан ўзбек адабиётига воқеа бўлиб кириб келган эди. Буни биринчи бўлиб илғаган ва унга маънавий устозлик қилган одам – Шароф Рашидов бўлди. Ўз даврининг улкан шахсларидан бири Уинстон Черчелнинг “Сиёсатчи бўлажак сайловни мўлжаллаб курашади, давлат арбоби эса келажак авлодни”, деган гаплари худди Шароф ота ҳақида айтилгандай. 

Ўз халқи ва ватанини жон дилидан севган донишманд зиёли ва фидойи давлат арбоби бўлган Шароф Рашидов вақт топиб, вилоят газеталарини ҳам доим кузатиб борган ва унда йилт этган учқуннинг тақдири билан қизиққан. Мана шу эътибор туфайли юртимизнинг узоқ кентлари ва қишлоқларидан қанот ёзиб пойтахтга келган, ўзининг ёрқин фаолияти ва ижоди билан маънавий ҳаётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган кўплаб ижодкорларни адабиёт ихлосмандлари яхши эслашади.

Мен, шеърпараст 8-синф ўқувчиси ёнимиздаги мактабнинг ўнинчи синфида ўқийдиган Ҳалима опани таниган пайтимда унинг шеърлари Сирдарё вилоятининг “Сирдарё ҳақиқати” газетасида босилиб турар эди. Ҳалима опа ўзи ҳам яхшигина шоир бўлган адабиёт ўқитувчимиз Мирзабек Мирзақулов ташкил этган адабиёт тўгарагининг фаол аъзоси эди. 

14.jpg

Тўгарак машғулотларида Ҳалима опа ўқиб берган янги шеърлар эртаси куни туман ёки вилоят газетасида босилиб чиққанида биз мухлислар ижодкорнинг ўзидан кам қувонмаганмиз. Баъзан ўқитувчимиз ўзининг газетада чиққан ёки янги ёзган шеърини ўқиб, Ҳалима опанинг фикрини сўраб қоларди. Энди эсласам, Ҳалима опа бизнинг тўгарагимизга ўрганувчи бўлиб эмас, балки кузатувчи бўлиб қатнаб турган экан. Ўзбек шеъриятининг маликаси Зулфия “Оқ олмалар” китобига ёзган сўнгсўзида таъкидлаганидек, Ҳалима Худойбердиевага ҳеч қачон “ҳаваскор шоира” нисбати берилмаган. У ҳеч қачон ҳаваскор шоира бўлмаган. Бунга унинг 1968 йилда нашр этилган биринчи китоби – “Илк муҳаббат”даги шеърлари мисол бўла олади: 

Келдинг, кўкрагимга Сени беркитдим,
Суқландим ой нури, офтоб зарига.
Ва узилмас бўлиб уланиб кетдим
Ёш ишқ, эҳтирослар занжирларига.

Мен ўша лаҳзадан ўзни унутган,
Мен ўша лаҳзадан саркаш, ўт ният.
Мени “севаман” деб бағрига ютган
Сенмидинг, сенмидинг, жоним – шеърият!

Ўзбекистоннинг у пайтдаги биринчи қўшиқчи шоири Акмал Пўлат бош муҳаррир, ўзбек тилининг нозик садоларини теран ҳис этгани учун шеърият осмонида чақмоқдек чақилиб турган Султон Акбарий ва Тўра Сулаймондек шоирлар ишлаб турган чўлқуварлар газетасининг ижодий жараёнига Ҳалима Худойбердиеванинг биринчи китобидан жой олган ва ҳануз мумтозлик унвони билан яшаётган “Дориломон кунлар келди” каби шеърлари билан кириб келишини бир тасаввур қилиб кўринг энди!

У пайтда ҳам Мирзачўл далалари кенг эди. Шароф Рашидовнинг тавсияси билан уни ўзлаштириш учун пойтахтдан чўлга борган ижодкорларнинг бағри ундан-да кенг бўлган. Мана шу қозонда бир қўр қайнаб олган менинг опачам орадан сал ўтмай “Ҳалима Худойбердиева” бўлиб пойтахтга ўқишга отланади. 

Умид билан суқилган таёқ, бир кун берар меваю япроқ, деганларидек орадан беш йил ўтиб, 1973 йилда Ҳалима Худойбердиева яқинлари, юртдошлари ва устозларининг умидларига иккинчи китоби - “Оқ олмалар” билан жавоб берди. ТошДУнинг китоб дўконидан “Оқ олмалар”ни навбатда туриб, талашиб, сотиб олганимиз. Китоб етмай қолганлар Чорсудаги дўконга чопган эди. Бу китоб Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар бошқараётган ўзбек шеърияти кемасида оқ елкан бўлиб қанот ёзди. “Оқ олмалар”нинг ушбу кемага бағишлаган шиддати ҳақида ўзбек шоиралари ҳаёти ва ижодининг фидойи тарғиботчиси Тўхтасин Жалолов китоб чиққан кунларда бир ҳароратли тақриз ёзган эди. Бу тақриз ҳам худди “Оқ олмалар” каби адабий давраларда тилга тушди.

Шундан кейин Ҳалима Худойбердиеванинг “Чаман” (1974 йил), “Суянч тоғларим” (1976 йил), “Бобо қуёш” (1977 йил), “Иссиқ қор” (1979 йил), “Садоқат” (1983 йил), “Муқаддас аёл” (1987 йил), “Бу кунларга етганлар бор” (1993 йил), “Ҳурлик ўти” (1993 йил), “Тумариснинг айтгани” (1996 йил), “Сайланма” (2000), “Йўлдадирман” (2006), “Буюк қушлар” (2012 йил) китоблари чоп этилди. 

Ҳалима Худойбердиева Тошкентга ўзига ва сўзига муносиб шоира бўлиб келган эди. Мана орадан эллик йил ўтибдики, у ҳамон ўзига ва сўзига муносиб шоира “Ҳалима Худойбердиева” бўлиб яшамоқда, ижод қилмоқда. Бунга унинг яқинда нашрдан чиққан “Осойишта шам” китоби ҳам гувоҳлик беради. Аммо, бу китоб унинг ўзига ва сўзига муносиб яшаши осон иш бўлмаганидан ҳам гувоҳлик бермоқдаки, бу ҳақда энди шунчаки ёзиб бўлмайди.

1965 йилнинг ёзи бошланган кезлар эди. Биз, ётоқмактабнинг саккизинчи синф ўқувчилари спорт майдонида қўшни мактабнинг урушқоқлиги билан донг таратган Султон гужур (кейинчалик у “Султон Раҳмонқулов” бўлиб колхоз раиси, туман ҳокими сифатида яхши ишлар қилди) бошлиқ футболчиларига қарши тўп сурар эдик. Қандайдир ўнг келиб қолди шекилли, Султон гужурни чалиб ўтиб, тўпни унинг дарвозасига бор кучим билан тепганимни биламан стадион четидаги дарахтзор томондан гур кулги янгради. Қарасам, Ҳалима опа бошлиқ ўнинчи синф қизлари. Улар тупроққа беланиб йиқилиб ётган, эҳтимол шўхликлари билан уларнинг ҳам жонига теккан урушқоқ синфдошларининг устидан беғубор самимият билан кулишаётган эди.

Сирдарё-Боёвут сафарларига бирга олиб кетиш учун Мавлон поччамиздан изн сўрагани икки-уч марта Ҳалима опанинг ҳали сирти қумсувоқлигича турган Дўмбирободдаги уйига борганману, лекин ҳовлисига кирмаганман. Гарчи бир тоғнинг боласи бўлсак-да, нима учундир Ҳалима опанинг ўзи билан ҳам “яхши куни уни ўраб ҳол-жонига қўймаган” (“Осойишта шам”, 30-бет) жилғачалардек яқин бўлмай, уни янги чиққан шеърлари ва китоблари орқали кузатиб юргувчи мухлиси эдим холос. 

Демоқчиманки, бир инсон каби Ҳалима опанинг ҳаётида ҳам, юқорида эслаганимдек хуш-хандон онлар кўп бўлган. Лекин ҳаёт шоир Бобуршоҳни оғир қисмати ва ғурбати билан қандай беаёв сийлаган бўлса, тақдир шамоли Ҳалима опани расида қизлар даврасини жуда эрта ва тез ташлаб кетишга мажбур қилди. “Мен чавандоз қизиман ахир, - ота, отдан эрта айрилган”, - деб ёзган эди бу ҳақда шоиранинг ўзи “Қумсаш” шеърида. 

Биз, боғбонининг кўзини шамғалат қилиб оқ олмалар билан қўйни-қунжимизни тўлдириб чиқувчи болалар шу боғнинг саркори - пешонасида оқ қашқаси бор жийрон отли Уммат бободан жуда қўрқар эдик. У кишининг машҳур боғбон Ризмат ота Мусамуҳамедов билан таърифи то Московгача етиб борган Боёвут боғларини кўкартиргани ва Ҳалима Худойбердиеванинг отаси эканини кейин билганмиз.

Таниқли танқидчи Иброҳим Ғафуров “Буюк қушлар” китобига ёзган сўзбошисида Ҳалима Худойбердиевани 92 уруғдан ташкил топган ўзбекнинг атоқли боёвут уруғига боғлайди. Мен Боёвутни ва боёвутликларни яхши биламан; шу ерда саккизинчи синфни битирганман. Бир фурсат Боёвут туман газетасида адабий ходим, масъул котиб бўлиб ишлаганман. Яқинларимнинг кўпчилиги Боёвутда яшашади. Кейинчалик ҳам журналист мақоми билан Боёвутнинг барча хўжаликларини оралаб, қанча-қанча одамлар билан суҳбатлашганман. Лекин “мен боёвут уруғиданман” деган кимсани ҳеч учратмадим. 

Боёвут тумани аҳолиси асосан юқоридан, яъни Туркистон тизма тоғлари бағридаги Шаҳристон, Зомин ва Бахмал кентларидан кўчирма қилиб келтирилган ва шу ерда палак ёзиб, боёвутлик бўлиб кетишган. 

Ҳалима опанинг авлодлари Шаҳристоннинг Қайирма қишлоғига мансуб. Бу қишлоқ Ўратепанинг тоғ тарафида, Пошши ва Кенгқўл (Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров туғилиб ўсган қишлоқ) ўртасидаги қирлар бағрида жойлашган. Пошши қишлоғидаги бир тўйнинг қўниғида уруғ билгич оқсоқолдан Қайирма қишлоғининг тарихи ҳақида ҳангома эшитган эдим. Қадимда Пошши уруғининг бир томири “биз онов қирнинг арқасида яшаймиз” деб оқсоқоллардан изн сўрашади. Чоллар “айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри”, деб уларни кетмасликка кўндирмоқчи бўлишганда бошқа бир сўзи ўткир оқсоқол “қўй, қайирма (қайтарма), бу ўжарлар барибир қайтмайди, деб уларга йўл очган. Шу-шу ўша қишлоқ ва уруғ “Қайирма” бўлиб кетган экан. Қайирма қадим-қадимдан ўзининг елкаси ер искамаган полвонлари ва чавандозлари билан машҳур бўлиб келган. Ҳозирда қайирмаликларнинг катта бир тўпи Ховос туманининг Бобур фермерлар уюшмаси худудида яшашади. Бу ёғи Тошкентдан то Тожикистоннинг Ўратепасигача, асосан Сирдарё вилоятида ўтадиган курашларнинг об-ҳавосини қайирмалик полвонлар белгилашади.

Ҳалима Худойбердиеванинг ҳаётда ўз тамойилларига садоқат билан яшаши, шеъриятидаги мардона нафас унга қайирмалик полвон ота-боболарининг қонидан ўтган. Унинг “Осойишта шам” китобини ўқиб тушунганимиздек, “кеча ҳаётга тож” бўлиб, ёзганлари “кўзга суртилган”, кейин эса мағлублиги туфайли ”китоблари ёқилган” (шеърлари мактаб дарсликларидан йиритиб олиб ташланган), “бошда сочи қолмагунча таланган, хос хонасигача синчиклаб” ўтказилган тинтувлар (оилавий ҳаёти ва ижодига боғлиқ суриштирувлар назарда тутилган бўлса керак), яқинларининг қийноқ-қистовга олиниши ва таъқиб қилиниши, уйининг тўрида базмларининг гулини еб юрган “мол дўстларнинг” ташлаб кетиши, айниқса ёнида тоғдай суяб турган паҳлавон фарзандидан жудолик доғи ва улар туфайли жисму жонига кўп бора сиртмоқ ташлаган хасталикларга қарамай, “қайғузорлардан лоладай яшнаб ўтиб” ўзи бир умр орзулаб яшаган ва ҳар доим энг яқинларига соғинган дориломон кунларга етиб келади.

“Осойишта шам” китоби Ҳалима Худойбердиеванинг дориломон кунларига ижодий тортиғидир. 

Катта байрамлар, улуғ анжуманлар элнинг ардоқли фарзандлари билан кўркам. Биз катта халқмиз. Бундай тантаналаримиз, тўрига чиқарадиган улуғларимиз ҳар доим истаганча топилиб келган. Лекин ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Ҳалима Худойбердиева ана шундай ўз ўрни ва айтадиган сўзи бор шоира эди. Йигирма икки йил унинг жойи бўш қолди. Мухлисларига ўз сўзини ўзи айтишига изн берилмади. Энди эса “нега адабиётимизда бўшлиқ кўп, биз кутаётган сўзларни айтадиган ижодкорларимиз қани” деб ҳайрон бўлиб юрибмиз.

Бўш жой ҳеч қачон бўш турмаган. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида маънавий ҳаётимизда юз берган бўшлиқ туфайли ҳар хил ёт ғоялар шу бўшлиқнинг ўрнини тезда тўлдирди ва унинг оқибатларига қарши ҳали ҳануз қаттиқ кураш олиб бормоқдамиз. 

Қонидаги назаркарда таланти туфайли шоира энг оғир дамларда ҳам энг тўғри йўлни танлайди - Яссавийнинг баридан ушлаб, “Тумариснинг туморин таққан аёл ўлмайди”, деган хулосани ҳаётининг бош шиорига айлантиради. 

Биз Чор Россиясининг Ўрта Осияга босқинидан тортиб Туркистон мухториятини эълон қилгани учун қатағонга учраган боболаримизнинг тақдирини яхши тушунамиз. 37- ва 50-йиллар қатағонлари қурбонларини ундан-да яхши тушунамиз ва шарафлаймиз. Лекин нима учун мустақиллик даврида қатағон қилинган замондошларимиз ҳақида миқ этмаймиз! 

Она арслон шиддати билан болаларининг отасини ҳимоя қилиб сарой эшикларини қарсиллатиб кирган ўзбек аёлини мен кўрганман. Мен билан шу воқеага гувоҳ бўлган дўстимиз Ҳалима опа оқланганидан сўнг унинг етмиш йиллик юбилейи муносабати билан тақдирланган “Эл-юрт ҳурмати” орденини топшириш маросимида жўшиб-жўшиб гапирганида мен тўлиб-тўлиб йиғладим. Ўзбек эркаги ҳеч қачон онасидан бошқа зот олдида йиғламайди. Лекин қўли узун, йўли узун бўлатуриб, йигирма икки йилдан сўнг яна Ҳалима Худойбердиевани кашф этиб турсак ким қайси бетимизга тарсаки тушириши керак! 

Кошонамни, хос хонамни синчиклаб кўрадилар,
Кўнглим кўрар, кўнглим сўрар бир дўст топмай хайронман.
Бир ўй сингди юрагимга худди наштар, худди ўқ,
Йиқилмагин, йиқилганни суяйдиган одам йўқ!

Йиқилганни суяйдиган одам бўлмаса мен бу сатрларни ёзолмас эдим. “Осойишта шам” китобини ҳам иқтидорли замондошларимизнинг ҳурматини жойига қўядиган одамларимиз борлиги туфайли ўқиб, унга муносабат билдирмоқдамиз.

Қучоқ очиб қарши олинг:
Елкам халқим елкасига тегиб турмоғи учун,
Бошим халқим кўлкасига эгиб турмоғим учун, 
Унга қарши ким келса енгиб турмоғим учун 
Мендан қай иш лозим бўлса, 
Барчасига тайёрман! 

деган ҳайқириқ билан Ҳалима Худойбердиева яна даврамизга қайтиб келди. Мен шеърпараст дўстларимни бу сийлов билан қутлар эканман, уларни Ўзбекистон миллий боғи қаватидаги ижодкорлар хиёбонидан Сирдарё вилоят Боёвут туманидаги “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Ҳалима Худойбердиева номидаги кутубхонага таклиф этаман. Тўғри, бу ҳали хаёл. Лекин бу кутубхона учун Ҳалима опа туғилиб ўсган қишлоқнинг марказидаги собиқ Иттифоқ пайтидаги “мода” билан қурилган Миллий ҳаммом биносини мослаштирсак, мен бир пайтлар Гарсиа Лорка асарларининг тўла томини олиб ўқиган Қишлоқ совети қошидаги кутубхонани китоб фонди ва кутубхоначи штати билан жойига қайтариб қўйсак, олам гулистон. Маҳалла раисининг ойлик маошини оширишга бюджетимиз чидамаслигини тўғри тушунамиз. Лекин замонавий маҳаллалар қошидаги кутубхоналарнинг штат билан ишлайдиган кутубхоначиси бўлмаса китобсеварлик ҳақидаги чиройлик қарорларимиз қоғозда қолиб кетаверади. Қонун ва қарорлар ҳар қанча чиройлик бўлмасин, у маблағ билан таъминланмаса қоғозда қолиб кетишини прагматик раҳбарларимиз яхши билишади.

Мен ўзбек онасини, ўзбек аёлини раҳматли онамга, аммамга, баъзан опачамга ўхшатиб тасаввур қилиб юрар эдим. Шогирдим, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталарининг бош муҳаррири Жаҳонгир Шарофбоев билан Ҳалима опани йўқлаб шифохонага борганимизда бошида рўмол, оддий чит лозим-кўйлакда бизни қарши олган аёлни кўриб бирдан туманли тасаввурим равшанлашди. Чунки бизнинг рўпарамизда онамга, опачамга ва аммамга ўхшаган ҳақиқий Ўзбек онаси турар эди. Шунда тугаётган ёки ёна бошлаган пайтида эмас, фақат ёнаётган пайтида шам осойишта бўлишини англадим. 

Абдухолиқ Абдураззоқов, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

ЎзА
10 518