Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2017 18:02 Чоп этиш версияси

Сирдарёда 26 нафар масъул шахс жаримага тортилди

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳар ҳафта чоршанба куни ўтказилаётган ёнғин профилактикаси тадбирлари корхона, ташкилот ва муассасалар, аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, бу борада фуқароларнинг ҳушёрлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ёнғин профилактикаси тадбирлари доирасида жорий йилнинг ўтган даврида туманда 3 минг 959 аҳоли хонадони, 35 давлат ташкилоти ва 12 тадбиркорлик субъектининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилди. Тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги ва унинг олдини олиш бўйича уй эгалари ҳамда масъул шахсларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди. Аниқланган камчиликларни мутасадди раҳбарлар билан бирга жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Ҳал қилиш имкони бўлмаган муаммолар ёзма равишда тегишли идораларга юборилди.

Деҳқонларимиз етиштирган ҳосилнинг хавфсиз ҳолда сақланишини таъминлаш, ҳар қандай ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари тумандаги бир пахта тозалаш корхонаси ва уч пахта қабул қилиш масканида уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Профилактика куни давомида ушбу корхоналарда бу борадаги тайёргарлик ишлари ўрганилди. Натижада айрим муаммолар мавжудлиги аниқланди ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

– Қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, турли ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги бўйича уй эгалари ҳамда масъул шахсларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда, – дейди Сирдарё вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари, майор Ш.Абдуллажонов. – Аҳоли уй-жойлари, корхона-ташкилот ва муассасаларда ўрганиш якунлари кенг жамоатчилик иштирокида таҳлил этилиб, хавфсизлик қоидаларига зид ҳаракатларни бартараф этиш чоралари белгиланди. Давлат тасарруфидаги 1 минг 258 га яқин ташкилотнинг ёнғинга қарши ҳолати бўйича аниқланган камчиликлар юзасидан раҳбарларга ёзма кўрсатмалар берилди.

Ўрганиш хулосаларига кўра, ёнғин хавфсизлиги бўйича 775 хонадонда камчиликлар аниқланиб, уларнинг 458 таси жойида бартараф этилди.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 26 нафар масъул шахсга нисбатан 2 миллион 96 минг 850 сўм жарима чораси қўлланилди. Ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатдаги 10 бинонинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. 68 носоз газ ва электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди.

Профилактика тадбирлари натижасида тумандаги аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотларда ёнғин билан боғлиқ нохуш ҳолатлар камайишига эришилмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
3 498






Все о погоде - Pogoda.uz