Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2018 12:39 Чоп этиш версияси

Сирдарё туманида “Энг яхши касб-ҳунар таълими муассасаси” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди

Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ҳудуддаги барча касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.

Бугунги кунда вилоятдаги 48 касб-ҳунар коллежи ва 3 академик лицейда 31 мингдан зиёд ўқувчига 3 мингга яқин малакали устоз-педагог сабоқ бермоқда. Ёшлар 80 йўналиш бўйича касбга йўналтирилиб, замон талаблари асосида таҳсил олмоқда.

Семинарда Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўзлари тайёрлаган саноат, коммунал ва маиший техника жиҳозлари, қурилиш материаллари, ҳунармандлик маҳсулотларини намойиш этди.

Мазкур коллежнинг 2-босқич ўқувчиси Диана Бўздаева кўргазмада кичик қуёш панеллари ёрдамида ишлайдиган турли хил ёритгичлар билан иштирок этган бўлса, унинг курсдоши Темур Жўраев инновацион тежамкор уй лойиҳасида бир йўла табиий ресурслардан – қуёш панели, шамол ва сув генераторлари ёрдамида уйни электр энергияси билан таъминлайдиган мослама билан қанташди. Коллеж устахонасида ясалган миллий санъатимиз, ёғоч ўймакорлиги намуналари, қурилиш материаллари ва ўқувчиларнинг бошқа ижод маҳсулотлари семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Семинарда Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқадиган вазифалар, бугунги касб-ҳунар коллежларининг маънавий қиёфаси ва ёшларни касбга йўналтиришдаги ҳал қилувчи вазифалар хусусида маърузалар тингланди.

– Коллежимизда ёшларга истиқболли режа асосида таълим берилмоқда, – дейди Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежи директори М.Зарипов. – Келгусида ҳудуддаги қўшма ва саноат корхоналари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришни режалаштирдик. Ҳозирнинг ўзида туманимиз ҳудудида барпо этилган Сирдарё шиша заводи учун зарур мутахассис кадрлар тайёрлашни йўлга қўйганмиз. Шунингдек, туманимиз ҳудудида жойлашган “Peng Sheng” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Ўқувчиларимиз 2-босқичдаёқ касб йўналишлари бўйича корхоналарда амалиёт ўташ учун бириктирилади. 3-босқичда эса улар ўша ерда диплом иши амалиётини бажаради.

Буларнинг барчаси мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ҳар томонлама соғлом, юксак салоҳиятли баркамол авлодни вояга етказиш, уларга касб-ҳунар ўргатиш бўйича кўрсатилаётган ғамхўрликлар самарасидир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
8 522