ЎзА Ўзбек

09.04.2018 11:55 Чоп этиш версияси

Ўсимликлар карантини соҳасида янги қонунга зарурат туғилди

Ўсимликлар карантини соҳасида янги қонунга зарурат туғилди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳрат Якубов 1995 йилда қабул қилинган “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиш зарурати хусусида гапириб берди:

– Амалдаги қонун бугунги кун талаблари, айниқса, илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларни амалга жорий этиш нуқтаи назаридан мазмунан эскирди. Қолаверса, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиётни жадал ривожлантиришда ўсимликлар дунёсига зарар етказиши мумкин бўлган зарарли организмлардан ҳимояланишда янгича ёндашувлар талаб этилмоқда. Умуман, Республикамиз ҳудудига ўсимликлар дунёсига зарар етказиши мумкин бўлган ўсимликлар карантинидаги зарарли организмларнинг кириб келишининг олдини олишда ушбу қонунни замон талаблари асосида такомиллаштиришни давр тақозо этмоқда.

Ушбу масаланинг долзарблигини 2017 йил 30 августда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонидан ҳам билса бўлади. Мазкур Фармонга кўра, ўсимликлар карантини қоидалари ва фитосанитария нормаларининг бажарилиши устидан давлат назорати тизимини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мақбул фитосанитария шароитларини таъминлаш мақсадида Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибидан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги алоҳида Инспекцияга айлантирилди. Унинг зиммасига жуда муҳим вазифалар юклатилди.

Шу нуқтаи назардан, мазкур фаолиятнинг ташкилий тузилмасининг ўзгариши унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни ҳам талаб этади. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси асосида янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси киритилди.

Янги таҳрирдаги ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштиради. Карантин хизмати фаолиятига замонавий хорижий технологиялар ва иш услубларини жорий этишга ҳамда халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришда ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари билан савдо алоқаларини йўлга қўйишда фитосанитар хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, импорт ва экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари амал қилиши керак бўлган зарарли ўсимлик касалликлари, ҳашоратлар ва бегона ўтлар кириб келишининг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва нормаларни жорий қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Айни кунларда Парламент қуйи палатасида қонун лойиҳасини тайёрлаш ва қабул қилиш устида қизғин иш олиб борилмоқда.

Фарҳод Эсонов, ЎзА
7 314