ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Сифатсиз аккумулятор сотган "учар" тадбиркордан харидорнинг ҳақи ундирилди

Сифатсиз аккумулятор сотган "учар" тадбиркордан харидорнинг ҳақи ундирилди

Бугунги бозор иқтисоди шароитида баъзи бир “учар” тадбиркорлар борки, кимнидир алдаб, ёлғон гапириб фойда оламан дейишади. Аслида ҳар инсоннинг ўз ҳаққи бор. 

Самарқанд вилояти Оқтош шаҳрида яшовчи Абдураззоқ Амирқулов 2016 йилнинг февралида юк автомашинаси учун Навоий шаҳридаги “Технопланет” савдо мажмуасидан “Делкор-200” русумли икки дона аккумуляторни 3.200.000 сўмга харид қилади. 

Маҳсулотларни 1 йил-у 6 ой муддатга кафолат ҳужжати билан сотиб олган юртдошимиз қисқа фурсатда ишдан чиққан аккумуляторни дўкон сотувчиси Ёқуб Ражабовга олиб келади. 

Савдогар ҳозир ушбу русумдаги товари қолмаганини рўкач қилиб, носоз аккумуляторларни олиб қолади. Буни қарангки, бир неча ой ўтса ҳам, маҳсулотни сифатлисини эгасига етказиб бермайди. 

Аккумуляторларни ёки пулини қайтариб беришини сўраган истеъмолчининг ҳаракатлари бесамар кета бошлайди. А.Амирқулов ниҳоят Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига мурожаат қилади. 

Йиллар давомида ҳал этилмаган ушбу муаммони Федерациянинг Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси Навоий шаҳар жамияти ҳал этиш мақсадида судга даъво аризасини киритди. Суд масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқар экан, истеъмолчига 3 млн. 200 минг сўм миқдорда харид қилинган маҳсулот учун тўланган маблағини, сотувчидан 669 минг сўм миқдорда давлат божини, 446 минг сўм миқдорда маънавий зарар ундириб берилиши тўғрисида қарорни қабул қилди. 

Инсон манфаатлари ҳимоя қилинадиган мамлакатимизда истеъмолчи сифатида ҳам ўз ҳуқуқларимизни қонунан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгамиз. Асосийси ўз манфаатларимизни ҳимоя қилиш йўлини тўғри танлай билишимиз лозим.

1 105
ЎзА