Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 20:15 Чоп этиш версияси

Сифатли коммунал хизмат – обод турмуш кафолати

Сифатли коммунал хизмат – обод турмуш кафолати Cурхондарё вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ходимлари касб байрами арафасида барча қулайликларга эга янги бинода иш бошлади.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари, нуронийлар, маҳалла фаоллари иштирок этди.

Мамлакатимиз уй-жой коммунал соҳасида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар кўп хонадонли уйлар билан боғлиқ муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш, одамларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашда юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

2.jpg

Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат билан кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича комплекс ёндашув шакллантирилиб, аҳолига кафолатланган сифатли коммунал хизмат кўрсатиш тизими яратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилдан 18 апрель – Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни этиб белгилангани ҳам ушбу тармоққа қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Сурхондарё вилоятида 100 га яқин хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати 1 минг 170 дан ортиқ кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатади. Мазкур уйлардаги 24 минг 752 хонадонда 96 минг 720 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, уй-жойларни таъмирлаш, ичимлик суви, канализация ва иссиқлик тизимларини шай ҳолатга келтириш, кўп хонадонли уйлар ёнида болалар майдончалари, гулзорлар барпо этиш, атрофини ободонлаштириш, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

7.jpg

Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятдаги 526 кўп хонадонли уй тубдан таъмирланади. Бунинг учун 58,3 миллиард сўм маблағ сарфланади. 84 болалар майдончаси қурилиб, 7 минг 789 погон-метр ирригация тармоғи бунёд этилади. 23 минг 487 квадрат-метр йўлакларга бетон қопламаси ётқизилади. 397 ташқи ёритиш тизими ўрнатилади.

Йилнинг ўтган даврида 115 уйнинг том қисми мукаммал, 62 уйнинг том қисми жорий таъмирланди. Кўп қаватли уйларнинг олд қисмидаги 10 минг 975 квадрат-метр йўлакка бетон қопламаси ётқизилди. 541 электр шитлари, 2088 погон-метр ирригация тармоғи таъмирланди. 47 тунги ёритиш чироғи ўрнатилди. 165 уйнинг фасад қисми таъмирланиб, бўялди. Кўп қаватли уйлар атрофидаги 361 ноқонуний қурилмалар бузилди.

Байрам арафасида фойдаланишга топширилган икки қаватли кенг замонавий бинода мутахассислар учун барча шароит яратилган. Ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Бу воҳа ҳудудидаги уй-жой фондини бошқариш, кўп хонадонли уйларга сифатли хизмат кўрсатиш, ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик таъминоти ва канализация тармоқларида дуч келинаётган муаммоларни бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур бинода “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини идораси учун ҳам алоҳида хоналар ажратилиб, жиҳозланди. Яратилган бу қулайликдан маҳалла аҳли жуда мамнун.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
1 977