Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.06.2018 16:45 Чоп этиш версияси

Сибирь дарёларини Орол денгизига буриш истиқболли…ми?

Сибирь дарёларини Орол денгизига буриш истиқболли…ми?
Сибирь дарёларини Орол денгизига буриш лойиҳаси – мунозарали масала. “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзуида Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманда қозоғистонлик эколог Қайша Атаханова шу масалага оид фикрлари билан ўртоқлашди, дея хабар беради Казинформ.

– Орол денгизига Сибирь дарёларини буриш каби мунозарали лойиҳалар билдирилмоқда. Мен эколог сифатида табиий экотизимни антропоген факторлар орқали ўзгартириш маълум бир оқибатларга олиб келишини огоҳлантираман, – дейди Қайша Атаханова. – Бундан ташқари, у дарёларнинг атрофида экотизимнинг ўзини-ўзи тартибга солиш жараёни юради, бу эса экологияга минтақавий, ҳаттоки жаҳон миқёсида таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, бунинг фойдали ва зиёнли томонларини қанчалик эканлигини баҳолаш мушкул. Сабаби биз ҳозир Шарқий ва Марказий Қозоғистонда ўта кўламли сув тошқинларини кўряпмиз. Тошган сув Қозоғистоннинг ҳатто ўнлаб йиллар бўйи қуруқ қолган текис долаларига ҳам ёйилди.

Мазкур анжуманда Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича энг истиқболли лойиҳалар сифатида денгизнинг қуриган тагида ўрмонзорлар барпо қилиш, қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғоришни кенг жорий этиш ва бошқа лойиҳалар эътироф этилган.

Ҳозирда денгизнинг қуриган қисми 5,5 миллион гектар бўлса, шундан 3,5 миллиони бизнинг ҳудудимизга тўғри келади. Унинг 2 миллион гектарини ўрмонзорга айлантиришга эришсак, вазият анча яхшиланади, - дейди Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Ҳ.Толипов. - Бунинг учун эса ҳар йили 100 минг гектар майдонни ўрмонга айлантириш чорасини кўриш зарур. Агар шу тарзда жадал ҳаракат қилиб, денгизнинг қуриган қисми яшиллик билан ўралса, 15-20 йил орасида бу муаммо хавфини бартараф этишга эришишимиз мумкин.

Сибирь дарёларини Орол денгизига буриш лойиҳаси ўтган асрнинг 70 йилларида кўтарилган. Унга кўра Иртиш ва Юқори Об дарёлари сувларини Орол ва Каспий денгизларига ташлаш лойиҳалаштирилган. Амударё ва Сирдарё ирмоқларига Иртиш дарёсининг Тобол чуқурлиги ҳудудидан тўғон қуриш орқали сув тортиб олиш режалаштирилган.

Сибирь дарёларини буришдан кўзланган мақсад, Марказий Осиёда кенг миқдорда очилаётган қишлоқ хўжалиги майдонларини доимий сув билан таъминлаш бўлган. Сабаби, шу пайтнинг ўзида 15-20 йилдан сўнг сув танқислигига учраши кутилган. Ҳақиқатдан ҳам ўтган асрнинг 90 йилларига келиб сув танқислиги аниқ кўзга ташланиб, Оролга сув тушиши тўхтаган эди.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
7 337